Қоронғи режим
Logo
Ана, холос! Бир ҳазил ортидан...

Ана, холос! Бир ҳазил ортидан...

«ПСЖ» ёшлар жамоаси вакили Рафаэль Фернандес бирданига Франция ОАВ назарига тушган қаҳрамонлардан бирига айланди. Зеро, спорт нашрларида унинг «Тулуза»га ўтаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Бу анча кулгули ҳолат...

Ҳаммасига оддий фанатлардан бири - Люка Фернандес «айбдор». У дўстлари билан бир ҳазиллашишни ўйлаб, клуб дўконига кирди ва «Тулуза» футболкасини харид қилганча стадионга йўл олди. Ҳа, ҳаммаси жуда жўн - арена нозирлари йигитчани академия тарбияланувчидек ичкарига қўйишди. Шу тариқа Люка трибунаости иншоотига ҳам кирди. У шу тариқа асосий ғоя - дўстларини чув тушириш режаси бў­йича бошлади. Яъни «Тулуза» либосида суратга тушди, бунда ўзини худди тақдимот маросимида қанташгандек тутди. Кейин барчасини ижтимоий тармоқққа жойлади ва дўстлари лаққа ишониб, табриклашга, шартнома қачон расмийлаштирилишини сўрашга тушдилар. «Ҳаммаси зўр бўлди, чиройли ҳазил чиқди, аммо давомига умуман тайёр эмасдим», - дея тан олди Люка кейинчалик.

Гап шундаки, эртасига ҳазилкаш йигитга «Тулуза» мураббийидан хабар («Бу сенсан, тўғрими?») ва жамоага ўтиши ҳақидаги овозли «твит» скриншоти ҳамда сурати келди. Лекин шуниси борки, у Люкани «ПСЖ» вакили Рафаэль Фернандес сифатида қабул қилганди. Қисқаси, «Твиттер»даги шу битта постдан сўнг қисқа вақт ичида интернет тармоғини Рафаэль Фернандеснинг «Тулуза» сафига қўшилаётгани ҳақидаги хабарлар қамраб олди. Фақат «янгилик»ка Люканинг сурати ҳавола қилинди. Хабар ҳаттоки, Франциянинг энг нуфузли ОАВга ҳам етиб борди. «ПСЖ» таҳлилчиси, журналист Лоик Танзи бунда асос йўқлигини ёзишига қадар веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда трансфер роса муҳокама қилинди. Айтиш жоиз, ҳар икки Фернандес бундай машҳурликни ўйламаган бўлса керак.

Ажиб воқеликнинг моҳияти шуки, Люка Фернандес ва Рафаэль Фернандес ўртасида қандайдир ўхшашлик умуман йўқ. Ҳа, Франция медиаси «ПСЖ» ёшлар жамоаси футболчисининг «Тулуза»га ўтиши ҳақида хабар бериб, бунга мутлақо бошқа йигит суратини илова қилди. Чиндан ҳам, ноёб ҳазил, ғалати адашмовчилик...

 

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!