Қоронғи режим
Logo
Президент ҳудудларда «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши тўғрисидаги фармонни имзолади

Президент ҳудудларда «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши тўғрисидаги фармонни имзолади

Шавкат Мирзиёев «‘Янги Ўзбекистон’ массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.

Фармонга кўра, туман-шаҳар марказларига яқин уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда жами 29 та «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилади. Массивларда 619 та уй-жой (21 минг 321 хонадон), 18 та мактаб, 24 та боғча, 15 та тиббиёт муассасаси қуриш режалаштирилган.

Қайд этилишича, кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш ости ер участкалари тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида сотилади. Шунингдек:
  • уй-жойларга туташ ер участкалари мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади;
  • массивларда ташкил этиладиган ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион орқали мулк ва ижара ҳуқуқлари асосида реализация қилинади;
  • электрон онлайн-аукционда ғолиб деб топилган тадбиркорлар кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун «SSS» ва ундан юқори рейтингга эга қурилиш ташкилотларини жалб қилиши мумкин.

Маълум қилинишича, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган паст рентабелли 489 гектар ер майдони «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш учун аҳоли пунктларининг ерлари ҳамда саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади. 2023 йил 1 январгача тоифаси ўзгараётган суғориладиган ер участкалари майдонининг 5 баравари миқдорида янги ерлар ўзлаштирилади.

Бундан ташқари, аввал қурилган массивларнинг бўш турган участкаларида ҳам уй-жойларни қуриш давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 2 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Янги Ўзбекистон» мавзелари қурилишини маълум қилганди. «Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш учун келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуришимиз зарур», — деган эди президент.

30 ноябрь куни эса Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилишига оид лойиҳа тақдимоти билан танишди. Лойиҳага кўра, 2022 йилда 22 та янги массив барпо этилади, кичик саноат зонаси, тадбиркорлик объектлари ташкил этиш орқали камида 50 мингта иш ўрни яратилади.

2 декабрь куни ипотека ва қурилиш материаллари масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Ўзбекистон бўйлаб 2022 йил давомида қуриладиган «Янги Ўзбекистон» турар жой массивлари сони 22 тадан 29 тага кўпайтирилишини, қурилиш харажатлари учун 16 триллион сўм ажратилишини маълум қилди.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!