Қоронғи режим
Logo
Гўшт, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилган айрим фуқарорларга ҚҚС қайтарилади

Гўшт, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилган айрим фуқарорларга ҚҚС қайтарилади

“2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Қарорга кўра, 2023 йил 15 апрелдан эксперимент тариқасида Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ҳузуридаги “Агросервис оператор” ДУК орқали ташаббускорлар лойиҳаларни молиялаштиришнинг қуйидаги янги тизими жорий этилади:

  • мева-сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш, логистика қувватларини яратиш йўналишидаги лойиҳалар агентликнинг тумандаги лойиҳа офисларига тақдим этилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ягона электрон ахборот платформаси орқали “Агросервис оператор” ДУКка етказилади;
  • интенсив боғ ва токзорлар, агрологистика объектлари ҳамда технологик линиялар, озиқ-овқат саноатидаги линиялар қурилиб, тайёр ҳолда ташаббускорларга лизинг асосида топширилади. Бунда лизинг тўловининг 10 фоизи олдиндан тўлаш, 10 фоизи ташаббускорлар улуши, 80 фоизи 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан амалга оширилади.

Вазирликнинг Геоахборот тизимида 8 та асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (пахта, ғалла, шоли, пиёз, сабзи, картошка, маккажўхори ҳамда мойли экинлар) экилишини, вегетация даврини мониторинг ва таҳлил қилиш амалиёти жорий этилади.

2023 йил 1 июнгача пахта, ғалла, мева-сабзавотлар етиштириш учун имтиёзли кредит ажратиш жараёнлари рақамлаштирилади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга “Агроплатформа” ахборот тизими жорий этилади.

2023 йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар қуйидаги рўйхатга мувофиқ товарларнинг чакана савдо объектларида харидини амалга оширганда харид суммасининг 1 фоиз миқдоридаги тўлов ўрнига, харид суммасида тўланган ҚҚС суммаси қайтарилади.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтариб бериладиган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати:

  • қўй гўшти;
  • парранда гўшти;
  • мол гўшти;
  • тухум;
  • ўсимлик ёғи.

2023 йил 1 июндан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча субсидиялар “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш” ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Қарорга кўра шунингдек, президентнинг тегишли қарори доирасида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 2023 йилда 400 миллиард сўм бюджет ссудаси йиллик 10 фоиз ставкада ажратилади. Вазирлик ҳузурида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини таҳлил қилиш маркази ташкил этилади.

Шу билан бирга, 2023 йилда ҳар бир вилоятда ўртача 250-300 гектардан намунавий боғ-токзорлар барпо этилади. Қорақалпоғистон Республикасида чорвага озуқа етиштириш учун бериладиган ерлар майдони 2 гектардан 5 гектарга оширилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев айрим туманлар асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз-ўзини таъминлай олмаётганини танқид қилганди. Мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилган ижтимоий реестрга киритилган аҳолига ҚҚСнинг қайтарилиши орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилади.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!