Қоронғи режим
Logo
2020 йилда камера ва радарларда қайд этилган қоидабузарликлардан  724 млрд. сўм  маблағ тушибди-я...

2020 йилда камера ва радарларда қайд этилган қоидабузарликлардан 724 млрд. сўм маблағ тушибди-я...

Ўзбекистон йўлларида ўрнатилган камера ва радарлар орқали 2020 йилда 1,7 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарликлари қайд этилган. Натижада давлат бюджетига қоидабузарлардан ундирилган жарималардан 724,6 миллиард сўм тушган. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг 30 июнь куни ўтказилган мажлисида маълум қилинди

 

Таққослаш учун, 2018 йил давомида фото ва видео махсус воситалар орқали 621 355 та қоидабузарлик бўйича 208,4 миллиард сўмлик жарималар белгиланган бўлса, 2019 йилда 1 227 844 та ҳолатда 481,8 миллиард сўмлик жарималар қўлланилган. Аҳоли томонидан тўланган жарима суммаси миқдори 2018 йилдан буён 28,3 фоизга ошган.

Шу билан бирга, маълумотлар таҳлили ҳайдовчиларнинг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун расмийлаштирилган маъмурий қарорлардан норози бўлиб судга шикоят қилиш ҳолатлари ҳам кўпчиликни ташкил этаётганини кўрсатмоқда.

 

Эътиборли жиҳати, мурожаат қилганларнинг аксариятининг шикояти суд томонидан қаноатлантирилган. Хусусан, 2020 йил давомида 19 134 та шу соҳа бўйича судларда кўрилган ишларнинг 89,2 фоизи, яъни 17 073 таси қаноатлантирилган бўлса, 5778 та иш бўйича ишни юритишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 2021 йилнинг 1-чорагида 3481 та кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишдан 2612 таси ёхуд 75 фоиз ишлар қаноатлантирилган.

Тадбирда қайд этилганидек, қонунчиликка биноан йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт.

Шунингдек, стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш белгиланган. Аммо депутатлар амалда бу тартибга ҳар доим ҳам амал қилинмаётганини таъкидлаган.

Уларнинг сўзларига кўра, ЙПХ ходимлари Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда экипировка қилинмаган енгил автомобиллардан фойдаланган ҳолда яширин усулда хизмат олиб бораётгани ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Кўчма махсус мосламалар йўлларда яширин равишда ўрнатилган ҳолатлар ҳам йўқ эмаслиги билдирилди. Бу каби ҳолатлар ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланилаётган жарималар юзасидан ҳайдовчилар ва жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади.

Йиғилишда депутатлар радарлар ва бошқа махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назоратни қонуний амалга ошириш, ҳайдовчиларга жарима қўллашда меъёрий ҳужжат талабларига, очиқлик-ошкоралик тамойилларига қатъий риоя этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида Ўзбекистонда қоидабузарликларни аниқлаш учун камераларни ўрнатиш тартиби ҳақида ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Унга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокацияси ишлаб чиқилади ҳамда E-ijro auksion платформаси орқали онлайн аукционга қўйилади. Тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жой дислокацияси, мазкур ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги 2 йилда аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинади.

Июнь ойидан бошлаб Ўзбекистондаги чорраҳа ва йўлларда радар ва камералар қўйиш жойлари аукцион орқали савдога қўйилиши бошланди. 1 июль куни  E-auksion сайтида биринчи бор Тошкент шаҳрида радар ўрнатиладиган жойлар аукционга чиқарилди.

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!