Қоронғи режим
Logo
«Келажакда вазият яна мураккаблашади» — сув хўжалиги вазири

«Келажакда вазият яна мураккаблашади» — сув хўжалиги вазири

Ўзбекистон ҳудудига сув кириб келиш миқдори 2050 йилга қадар камида 5 миллиард кубга камайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 2 декабрь куни ўтказилган матбуот анжуманида қайд этди.

«Глобал исиш муаммоси Ўзбекистонга ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатяпти. Баъзилар «Музликларни тез эриши яхши-ку, кўпроқ сув келяпти», — дейди. Музликлар кўп эригандан кейин у қайта тикланади. Масалан, Орол денгизи қуришидан олдин қор, ёмғирлар кўп ёғарди, яъни сув сувни тортади. Лекин музликлар эриган сари тикланиш жараёни ҳам камайиб боради.

Ўзбекистон 80—90 йилларда курашсиз, жанжалсиз 64 миллиард куб сув оларди. Аммо глобал исиш натижасида сувларнинг келиш оқими 51-52 миллиард кубга камайди. Бу миқдор келажакда ҳам камайиб боради. Ҳисоб-китобимизга кўра, юртимизга сув келиши 2050 йилгача яна камида 5 миллиард кубга камаяди.

Шунингдек, сув омборлари қурилиши, ер ўзлаштиришлар, бошқа соҳаларнинг ривожланиши сабаб яна сув оқими камайиши кутилмоқда. Менинг тахминларимга кўра, 10 миллиард кубга камайиши мумкин. Вазият яна мураккаблашади, биз бунга тайёргарликни бошлаганмиз», — деди Ҳамроев.

Ҳамроев келгусида сув келишининг камайишининг олдини олиш мақсадида бир қатор ишлар қилинаётганини таъкидлади.

«Ўзбекистонга чегара нуқталаридан кириб келаётган сувларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиладиган ерларга етиб боргунича 40 фоизи йўқолади. Бизнинг концепциямиздан 40 фоизни ҳар йили бир фоиздан камайтириш ҳам ўрин олган. Бу вазифани уддалашимиз учун тириллион-тириллион маблағлар ажратиляпти. Хусусан, сув иншоотларини такомиллаштиряпмиз ва таъмирлаяпмиз, энг оғир ҳудудларда кичик-кичик сув омборлари қуряпмиз, каналлар четини бетонлаштиряпмиз, сувни тўғри тақсимлайдиган замонавий қурилмалар ўрнатяпмиз.

Бундан ташқари, сув самарадорлигини ошириш бўйича ҳам олимлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар қилинмоқда. Сув тежовчи технологияларни ўрнатиш, сувни бошқарадиган ходимлар малакасини ошириш, дунё тажрибасини ўрганишга катта аҳамият қаратяпмиз. Шу каби саъй-ҳаракатлар орқали юқорида айтилган 10 миллиард кубни 5 миллиардга камайтиришга имкониятимиз бор», — деди сув хўжалиги вазири.

Манба: sof.uz

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!