Қоронғи режим
Logo

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги Конституцияда мустаҳкамланмоқда

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги Конституцияда мустаҳкамланмоқда

Инсон туғилганидан бошлаб у ҳақидаги маълумотлар унинг ҳаёти давомида бирор-бир жойда «из» қолдиради. Шифохонада, ФҲДЁ бўлимларида, боғчада, мактабда, банкларда ва бошқа ташкилотларда, кундалик фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёки маълумотлар базаларида шахснинг фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклидаги шахсга доир маълумотлар мавжуд.

Шу сабабли ҳам тергов органига фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашиб унинг телефон сўзлашувини эшитиш бўйича ўзи мустақил қарор қабул қилиш ваколатини бошқага бериб бўлмайди. Албатта тийиб турувчи механизмлар керак.

Эндиликда бу тартибга солиниб, тинтув ва телефон эшитиш доираси ҳам суд томонидан белгиланиши, бунга қай даражада зарурият борлиги холис ва мустақил судья томонидан баҳоланиши белгиланмоқда.

Янгиланаётган Конституция, 31-модда:

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон хабарлари ҳамда бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Бир сўз билан айтганда шахсий ҳаёт дахлсизлиги Конституцияда мустаҳкамланмоқда.

Ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўзининг шахсий ҳаёти ва оилавий сирини ҳимоя қилиш, ўз мулкига эга бўлиши ва унинг дахлсизлигига ўзга шахсларнинг тажовузидан хавотирсиз ҳаёт кечириши лозим.

Телекоммуникация тармоқлари ва ахборот технологиялари ривожланиши билан ахборот ва маълумотларни узатиш, тарқатиш жараёнлари осонлашди ва халқ ичида оммавийлашди.

Эндиликда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, ёзишмалари ва биометрик маълумотларини сақлаш ва тарқатилишида ташқи таъсирлардан ҳимоя зарурати юзага келди. Мазкур дахлсизлик ҳуқуқлари конституцияга киритилмоқда ва шахсий, оилавий сир ва маълумотлар ноқонуний тўпланиши ва тарқалиб кетиши чекланмоқда.

Бундан ташқари Конституция лойиҳасида уй-жойга бўлган ҳуқуқ дахлсиз этиб белгиланмоқда.

Ҳеч ким суднинг қарорисиз уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳамда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши мустаҳкамланмоқда. Мазкур нормани Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятимизда ўткир муаммолардан бирига айланган «снос» билан боғлиқ муаммога нисбатан халқпарвар, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим эканлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Оммавий коммуникациялар ривожланиши билан бугун ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлари, минг афсуски, унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига гувоҳ бўляпмиз. Натижада кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига оид маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўриб қолмоқда. Шу сабабли мазкур масалаларга фундаментал ечим ясаш мақсадида Конституцияга алоҳида нормалар киритилиши давр тақазоси дейиш мумкин.

Инсонларнинг яшаш ҳуқуқига тааллуқли энг асосий талаблар қаторидаги уй-жой мол-имулкига тажовуздан ҳимояда яшаш ҳуқуқи, шахсий маълумотлар сирлиги ҳар бир фуқаронинг ҳаётидаги бирламчи заруратлардан бири сифатида дахлсизлик тоифасига киритилмоқда ва кафолатли ҳимояга олинмоқда.

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!