Қоронғи режим
Logo

Косонсойда 14 яшар мактаб ўқувчиси уйида мини тракторлар ясамоқда...

Косонсойда 14 яшар мактаб ўқувчиси уйида мини тракторлар ясамоқда...

Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги «Жар» маҳалласида яшовчи 14 яшар Муҳаммадсодиқ Абдухалилов уйида ташкил этилган устахонада мини тракторлар тайёрламоқда. 

Муҳаммадсодиқ тумандаги 54-умумтаълим мактабининг 8-синфига ўтди. Физика ва математика фанларига қизиқиши баланд, 5 йилдан бери спортнинг каратэ тури билан шуғулланади. Дарсдан бўш пайтларида уйидаги устахонада дадасига кўмаклашади.

Умаржон Йўлдошевнинг асли касби наққошлик, ҳозир тумандаги ободонлаштириш корхонасида меҳнат қилади. Уч ўғил ва бир қизнинг отаси. Муҳаммадсодиқ фарзандларнинг иккинчиси.

«Техникага, ихтирочиликка қизиқиш бизга отамиздан ўтган. Дадам Абдухалил Йўлдошев тракторчи бўлган, ҳозир нафақадалар. Ўша ишлаб юрган пайтлари ҳатто комбайн ҳам ихтиро қилган эканлар, афсуски, қурилмалари сақланиб қолмаган. Бундан икки йил аввал мини тракторлар тайёрлашга киришдим. Биринчисини тайёрлаш учун нақ 9 ой вақт кетган бўлса, ҳозир ота-бола иккимиз узоғи 20 кунда бунинг уддасидан чиқяпмиз», — дейди Умаржон Йўлдошев.

Йўлдошевлар ҳозиргача 9 та тракторни тайёрлаб, 8 тасини сотишга ҳам улгуришди. Машиналарнинг нархи от кучига қараб 17 миллиондан 20 миллион сўмгача. 15, 20 ва 25 от кучига эга тракторлар 6 хил функция, жумладан, ер ағдариш, чопиқ ва ҳайдов каби қишлоқ хўжалиги юмушларини бажара олади. Ёнилғи харажати кам, соатига 0,5-1 литр атрофида бензин сарфланади.

Тракторларни водий вилоятлари фермерлари харид қилмоқда, охиргисини Тошкент вилоятининг Паркент туманидан келиб олиб кетишибди. Йўлдошевларга ҳар бир машинадан ўртача 3-4 миллион сўм даромад қолади. Қолаверса, оиланинг 2 сотих атрофида лимонарийси ҳам бор. Бу ердаги 30 туп лимон шу йил ҳосилга кирди.

 «Катта ўғлим Нурмуҳаммад ҳам автомобилларга қизиқади, ҳозир автосервисда ишлаяпти. Дадам 35 йил трактор ҳайдаб, бизга шу қизиқишни юқтирганлар, шекилли. Топган даромадимиздан яқинда у кишига Spark автомобили совға қилдик. Машиналаримизга ҳали ном қўйганимизча йўқ. Ўзимча ЎКТ, яъни ‘Ўзбекистоннинг кичкинтой трактори’ деган номни ўйлаб юрибман», — дейди Умаржон Йўлдошев.

Муҳаммадсодиқ мактабни тамомлаганидан сўнг автомобилсозлик соҳасида олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи. Спортда чемпион бўлиб, мамлакатга довруқ таратиш нияти ҳам йўқ эмас. Ҳозирча эса отасининг кўмагида мини тракторлар йиғиш ва уларни синовдан ўтказиш билан банд.

 

Косонсойда 14 яшар мактаб ўқувчиси уйида мини тракторлар ясамоқда...

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!