Қоронғи режим
Logo
2022 йилда ​​«Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши учун 16 трлн сўм ажратилади

2022 йилда ​​«Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши учун 16 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистон бўйлаб 2022 йил давомида қуриладиган «Янги Ўзбекистон» турар жой массивлари сони 22 тадан 29 тага кўпайтирилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни ипотека ва қурилиш материаллари масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Президент 30 ноябрь куни янги массивлар қурилишига доир тақдимот билан танишган эди. Тақдимот чоғида 2022 йилда 22 та янги массив қурилиши маълум қилинган эди. Тақдимот ҳақидаги расмий ахборотларда «массивларни инфратузилмага эга жойларда қуриш ҳақида кўрсатма» берилгани таъкидланган бўлса-да, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов давлат раҳбари массивларни «вилоятларнинг энг узоқ, эътибордан четда қолган ҳудудлари»да қуриб, у ерларга «инфратузилма, тараққиёт олиб кириш керак»лигини уқтирганини айтиб ўтган эди.

Шавкат Мирзиёев 2 декабрдаги видеоселектор давомида «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш дастури лойиҳаси қайта кўриб чиқилгани ва унга айрим ўзгартишлар киритилганини маълум қилди. Хусусан, массивларни қуриш учун «энг оғир туманлар танланган, массивлар сони ҳам 29 тага кўпайтирилган». «Бу жуда катта маблағ — 16 триллион сўм. Шуни халққа ҳалол етказсак, натижаси мутлақо бошқача бўлади», — деди президент видеоселектор давомида. Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, «массивлар билан бирга иш-жой билан ҳам таъминланса, бу одамларни рози бўлишга даъват қилади».

Қайд этиш жоиз, президент 30 ноябрдаги тақдимот чоғида ҳам «энг катта мақсади — массивларда кичик саноат зоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш орқали камида 50 минг иш ўрни яратиш» эканини маълум қилган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳар бир янги массивда камида 1000 та хонадон (квартира) бўлиши мақсадга мувофиқлиги, массивлар аҳолиси учун улар яқинидан 15 гектардан қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш зарурлигини таъкидлаганди.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида барча иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмага эга «Янги Ўзбекистон» мавзеларини қуриш ҳақида дастлаб Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилги президент сайлови олдидан сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларида сўз бор эди. 2 ноябрдаги видеоселекторда эса бутун мамлакат бўйлаб «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши, бу орқали кейинги беш йил ичида 250 мингдан зиёд хонадон қурилиши режалаштирилгани билдирилди.

Манба: sof.uz

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!