Қоронғи режим
Logo
Мия учун фойдали: ақлли бўлишингизга ёрдам берадиган 6 одат

Мия учун фойдали: ақлли бўлишингизга ёрдам берадиган 6 одат

Ўзини англаш ва шахс сифатида ривожланиш тенденциялари тобора оммалашиб бормоқда. Одамларнинг мавжуд кўникмаларни такомиллаштиришга, яхши натижаларга эришиб, ривожланишга интилаётгани қувонарли ҳол. Психолог Милена Рижская қандай одатлар ақл-заковатни ривожлантириши ва мавжуд билимларни мустаҳкамлашга ёрдам бериши ҳақида маълумот беради.

Янги ахборот қабул қилиш

Янги ахборот ва маълумотлар мия учун «озуқа» ҳисобланади. Мия маълумотни қабул қилиб, уни қайта ишлайди. Консерватив фикрлаш ва янги маълумотдан қўрқиш стагнация, яъни хотиранинг ёмонлашиши ва ақлий фаолият билан боғлиқ муаммо келтириб чиқаради. Айнан шу сабаб ҳам ҳар куни янги билимларни ўзлаштириш ва бундан чўчимаслик керак.

Ақл-заковатли ва қизиқарли одамлар билан мулоқот қилиш

Дўстинг кимлигини айт, сенинг кимлигингни айтаман, деган нақл бежиз эмас. Атрофимиздаги одамлар қизиқишларимизнинг акси ҳисобланади. Фикрловчи зеҳнли инсонлар даврасида бўлиш, уларга интилиш, ақлни чархлайдиган билимларни ўзлаштиришга туртки бўлади. Аксинча, сизни ортга тортадиган, ақлий ўсишингизга ҳисса қўшмайдиган кимсалар дунёқарашингиз ва шахс сифатида ривожланишингизга салбий таъсир қилади. 

Китоб мутолаа қилиш

Кун давомида мутолаа қилиш нафақат янги билимларни ўзлаштириш, балки фикрларни аниқ ифодалаш, нутқ ва ақлий ривожланишга ҳам ҳисса қўшади. Ҳар ким ўз қизиқишига қараб, исталган китобни қоғоз ёки электрон вариантда ўқиши мумкин. Замонавий технологиялар сабаб ҳатто қулоқчинлар ёрдамида йўл-йўлакай тинглаб кетиш, бунинг учун ортиқча вақт сарфламаслик мумкин.

Муҳим фактларни эслаб қолишга уриниш

Фактларни эслаб қолишга уриниш мия учун энг яхши машқ ҳисобланади. Муҳим саналар, фактлар, қизиқарли фильм сюжети, воқеа ва маҳсулотлар билан боғлиқ маълумотларни эслаб қолишга ҳаракат қилинг, кейин эса вақти-вақти билан уларни эслаб таҳлил қилинг. Кун давомида камида битта фактни эслаш, нафақат билим даражасини кенгайтиради, балки хотиранинг ҳам ўткир бўлишига ёрдам беради. 

Содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга қизиқиш

Бир донишманддан қандай қилиб бу қадар билимдон экани сўралганида у: «Мен ҳеч қачон сўрашдан қўрқмаганман», деб жавоб берган. Ушбу тавсия сизга ҳам асқатиши аниқ. Тушунмаган ва сизни қизиқтирган нарсани сўранг ва билиб олинг, аниқлаштиришдан чўчиманг. Одамларни безовта қиламан деган ўйга борманг, уларнинг аксарияти билганини бажон-у дил бўлишади, сиз эса керакли маълумотга эга бўласиз.

Стандарт фикрлашдан воз кечинг

Нима қилиш кераклиги аллақачон аниқлиги ва ортиқча уринишга ҳожат йўқлиги сабаб ҳамма нарсани автоматик тарзда бажариш инсон учун қулай ҳисобланади. Аммо бу билан сизда ақлий ўсиш кузатилмайди, ҳаммасини одатий бажаришга одатлангани сабаб миянинг бошқа имконият ва вариантларни излашига зарурат бўлмайди. Вақти-вақти билан иш ва ҳаётингизга янгиликлар киритиб туринг, янги усул ва ечим топишга урининг. Доимийликдан қочиш, фарқли фикрлаш интеллектуал салоҳиятингизни кашф қилишга ёрдам беради.

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!