Қоронғи режим
Logo

Наманганда 62-халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади

Наманганда 62-халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади

Наманганда 21 майдан 4 июнга қадар халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади. Олтмиш иккинчи бор ўтказиладиган фестивалга 2,5 миллиондан ортиқ меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. Тадбир Маданият ва туризм вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлигининг Маданият ва туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Таъкидлаш керакки, фестиваль ўз тарихида иккинчи бор икки ҳафта (жорий йил май ойининг сўнгги ҳафтаси ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида) давом этади.

2022 йилда фестивалга 30 дан ортиқ хорижий давлатлардан меҳмонлар ташриф буюрган бўлса, бу йил 40 дан ортиқ мамлакатдан меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. Улар орасида дипломатик корпус вакиллари, Наманган билан биродарлашган вилоят ва шаҳарлар мутасаддилари, ҳамкор қўшма корхоналарнинг чет эллик раҳбарлари ҳам қатнашиши режалаштирилган.Қолаверса, байрамда иштирок этадиган гулчилар географияси ҳам кенгайди: ўтган йили Жанубий Корея, Ҳиндистондан гулчилар кўргазмада иштирок этган бўлса, бу йил Германия, Ҳиндистон, Полша, Жанубий Корея, Қирғизистон ва Италия гулчилари қатнашади.

Бундан ташқари, фестиваль бўлиб ўтадиган Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли истироҳат боғида 15 миллион, шаҳар кўчаларида 10 миллион, жами 25 миллион гул ва кўчатлар экиш режалаштирилган. Шунингдек, шаҳар кўчалари турфа хил шаклда безатилади.

Қайд этиш жоизки, ҳозирги кунда Наманган вилоятидаги 25 та меҳмонхона, 9 та хостел, 526 та оилавий меҳмон уйлари, 6 та ётоқхона, 18 та санаторий ва 4 та дам олиш маскани 8,5 мингдан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Фестиваль арафасида эса яна 5 та меҳмонхона ишга туширилади.

Шу билан бирга, фестиваль меҳмонларига хизмат кўрсатиш учун жами 80 кишидан иборат волонтёрлар гуруҳи шакллантирилмоқда. Хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ёшлар шаҳарнинг мўъжаз хариталари ва буклетлар билан таъминланади.

Фестивалнинг маданий дастури ҳам бой ва қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Хусусан, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номли истироҳат боғи, «Афсоналар водийси» тематик паркида ўрнатиладиган саҳналарда шоир ва ёзувчилар, цирк усталари, ўзбек эстрадаси юлдузлари ва фольклор ансамбллари чиқишлари намойиш этилади.
Фестиваль якунида тадбирда муносиб иштирок этган гулчилар ва корхона-ташкилотлар бир неча номинациялар бўйича тақдирланади.

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!