Қоронғи режим
Logo

Наманганлик ихтирочи талабанинг китоби Германияда чоп этилди

Наманганлик ихтирочи талабанинг китоби Германияда чоп этилди

21 ёшли Ҳабиба Мирзараҳимова Наманган муҳандислик-технология институтида “Технологик машина ва жихозлар” мутахассислиги бўйича давлат гранти асосида таълим олади.

Ҳабиба бугунги кунда енгил саноат тармоқларидаги муаммолардан бирига илмий ечим топишга бел боғлаган. Аниқроқ айтганда, раҳбари, техника фанлари доктори профессор Авазбек Обидов билан биргаликда “Пневномеханик усулда йигирилган ипга бурам бериш қурилмасини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга тавсия қилиш” мавзуси бўйича илмий-тадқиқот олиб бормоқда. Мавзунинг долзарблиги шундаки, Наманган вилоятида драйверга айланиб улгурган текстиль саноати учун асосий хом ашё ҳисобланган калава ип ишлаб чиқаришни кўпайтириш устувор вазифалардан бўлиб  қолмоқда. Ёш олиманинг саъй-ҳаракати айни масалага қаратилган бўлиб, ўз лойиҳаси доирасида бир нечта тажриба қурилмалари яратилди ва синовдан ўтказилмоқда.

Талаба қизнинг тадқиқоти жараёнларидаги тажрибалар давомида олинган натижалар асосида илмий мақола ва тезислар яратилиб, нуфузли илмий журналлар, халқаро ва маҳаллий илмий анжуманларда чоп этилмоқда. Ҳусусан, “The American Journal of Manegment”, “Economics innovations” илмий нашрларида Ҳабиба Мирзараҳимова муаллифлигидаги мақолалар эълон қилинди. Ёш олима ўз мақолалари негизида монография ҳам тайёрлади. Эътиборга молик жиҳати, ушбу монография Германиянинг “Lambert Academic Publishing” нашриётида чоп этилди ва www.morebooks.shop платформаси орқали дунё миқёсида сотувга қўйилди. 

- Янгиликка интилиш хусусияти менга отамдан ўтган, у киши институтда талабаларга дарс бериш билан бирга кўп ихтироларга қўл урганлар,-дейди Ҳ. Мирзараҳимова. - Олий таълимга қабул қилинганимдан сўнг илмий раҳбарим - техника фанлари доктори профессор Авазбек Обидов билан биргаликда изланишларни бошлаб юбордик. Тадқиқотимиз давомида кўплаб ип йигириш корхоналарига бориб, мавжуд муаммоларни ўргандим. Улар асосида  юқорида таъкидланган мавзуни танладик. Мана 3 йилдирки, ушбу йўналишда ишлаяпмиз. Ўтказган тажрибаларимизнинг аксарияти ўзини оқламоқда. Бу эса олдимизга қўйган мақсадимиз сари дадил қадам ташлаш учун мухим омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳабиба Мирзараҳимова дастлабки илмий мавзу билан чекланиб қолгани йўқ. Тадқиқотларини жадаллик билан давом эттирмоқда. Келажакда бошланган ишларини самарали якунлаб, тўқимачилик ишлаб чиқариши учун замонавий технологияларни кашф қилиш ниятида.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
“Халқ сўзи”

Наманганлик ихтирочи талабанинг китоби Германияда чоп этилди

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!