Қоронғи режим
Logo
Дунё бўйлаб қочоқлар сони рекорд даражада ўсди - 82,4 млн. киши

Дунё бўйлаб қочоқлар сони рекорд даражада ўсди - 82,4 млн. киши "дарбадар"ликда....

Қуролли низолар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамлар сони ўтган йили рекорд даражада — 82,4 миллион нафаргача ўсди. БМТ Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси 18 июнь куни Женевада тақдим этган ҳисоботда бу ўн йил илгаригидан икки баравар ҳамда статистика юритила бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич экани айтилади.

Коронавирус глобал пандемияси пайти мамлакатлар ўртасида қатновлар чекланганига қарамай, 2020 йилда қочоқлар сони деярли уч ҳиссага кўпайган. Қарийб ўн йилдан бери ўсиш тенденцияси кузатилаётган бу жараён тўхтатилиши лозим, дейилади ҳисоботда.

2020 йил охирига келиб, БМТ Қочоқлар масалалари олий комиссари мандати остидаги қочоқлар сони 20,7 миллион нафарни, фаластинлик қочоқлар сони 5,7 миллион нафарни, инқироз сабабли ватанини тарк этган венесуэлалик қочоқлар сони 3,9 миллион нафарни ташкил этган.

Яна 48 миллион киши ички кўчирилган шахслар ҳисобланиб, ўз мамлакатлари ҳудудида қолмоқда. Бундан ташқари, турли мамлакатлардан бошпана сўраётган 4,1 миллион киши ҳам бор.

Уйларини мажбуран тарк этганларнинг 42 фоизи — вояга етмаганлар. Ташкилот ҳисоблашича, 2018–2020 йилларда қочоқлар орасида қарийб миллион нафар чақалоқ дунёга келган. Бу болалар узоқ йиллар қочоқлик мақомида яшашга маҳкум, дея таъкидланади ҳисоботда.

Ўз ватанини мажбуран тарк этганларнинг учдан икки қисми беш мамлакатга тегишли: Сурия, Венесуэла, Афғонистон, Жанубий Судан ва Мьянма. Қочоқларнинг 86 фоизини ривожланаётган қўшни мамлакатлар қабул қилган.

Етти йилдирки, энг кўп қочоқни Туркия қабул қилмоқда, 2020 йилнинг ўзида 3,7 млн. нафар қочоқ турк заминида бошпана топди. Кейинги ўринларда: Колумбия (2020 йилда 1,7 млн. қочоқни қабул қилган), Покистон (1,4 млн.), Уганда (1,4 млн.) ва Германия (1,2 млн.).

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!