Қоронғи режим
Logo
Хотира: Ширшов эсингиздами, зарбалари-чи?

Хотира: Ширшов эсингиздами, зарбалари-чи?

28 декабрь куни Россия томонлардан Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Ростов» клуби собиқ футболчиси Николай Ширшовнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида нохуш хабар келди. У 47 ёшда эди. Гап икки аср оралиғидаги йилларда ўзбек футболида ёрқин из қолдирган ҳимоячи ҳақида кетяпти. Ўрта ёшли мухлислар унинг қанот бўйлаб тезкор рейдлари ва замбарак ўқи мисоли зарбаларини ҳали унутмаган бўлсалар керак. Николай Ширшов «Ростов» (олдинги «Ростсельмаш») сафида 5 йил ўйнаб, Россия чемпионатида ҳам чакки таассурот қолдирмаганди.

Николай Ширшов профессионал футболдаги фаолиятини 1991 йили собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасида, «Свердловец» (Тошкент вилояти) жамоасида бошлаган. Тезкор қанот ҳимоячиси кейинги 8 мавсум Ўзбекистон чемпионатида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилди. 2000-2005 йилларда эса Россия элит лигаси иштирокчиси «Ростов»да ҳаракатланди. Коля шундан сўнг қуйи дивизонларда Ростовнинг СКА клуби либосида тўп сурди.

Ширшовнинг ўлими ҳақида биринчи бўлиб, «Ростов» клуби матбуот хизмати хабар тарқатди. «Николай Владимирович 5 йил давомида клубимизнинг 100тадан ортиқ ўйинида иштирок этганди. У фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам муқим яшаш учун Ростов областида қолди. «Ростов» футбол клуби Николай Владимировичнинг яқинлари ва дўстларига чуқур таъзия изҳор қилади», - дейилди Дон бўйи жамоасининг «Твиттер»даги расмий саҳифасида.  Николай Ширшов Россияда шунингдек, СКА, «Батайск-2007», «Таганрог» ва «МИТОС» жамоаларида ўйнаган. DonDay.ru сайти марҳумнинг яқинларига таяниб хабар беришича, ўлимга қоннинг қуюқлашиши ва томирларда тромб ҳосил бўлиши сабаб бўлган. Николай Ширшов охирги вақтларда Ростов шаҳридан 50 километр узоқликдаги Новошахтинск шаҳрида яшаб, маҳаллий жамоа мураббийи сифатида ишлаганди.

*** Николай Ширшов «Пахтакор» сафидаги 8 мавсумда жами 159та ўйин ўтказиб, 16та гол урган.

*** Николай Ширшов Ўзбекистон миллий жамоаси либосидаги 64та ўйинда рақиблар дарвозасини 13 марта нишонга олган. 1996, 2000 ва 2004 йиллардаги Осиё чемпионати финал раунди иштирокчиси.

*** Николай Ширшов 2001 йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сўровида 2-ўринни эгаллаган. У ўша мавсум «Крилья Советов» (Самара)да ўйнаган Миржалол Қосимовдан озгина ортда қолганди.

*** Николай Ширшов - 2 карра Ўзбекистон чемпиони (1992 ва 1998 йиллар), мамлакат кубогининг икки карра соҳиби (1993 ва 1997 йиллар).

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!