Қоронғи режим
Logo

Тадбиркорларга қўлайлик ва "метан заправкалар" ҳақида...

Тадбиркорларга қўлайлик ва

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан куни кеча Наманган вилоятида тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш бўйича қарор имзоланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг вилоятга қилган ташрифи давомида маълум қилинди.

Қарорга кўра, жорий йилда оилавий тадбиркорлик учун 950 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилади. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 480 миллиард сўмни ташкил этган эди.

Шунингдек, аҳолини даромадли иш билан таъминлаш мақсадида, 45 миллиард сўм субсидия маблағлари берилади. Ўтган 2022 йилда 15,5 млрд сўмлик субсидия берилган эди.

Бу йилдан энг оғир туманлар алоҳида тоифаларга ажратилди. Наманган вилоятида Мингбулоқ 5-тоифага, Норин тумани 4-тоифага киритилган бўлиб, ушбу ҳудудларда тадбиркорларга солиқ тўлаш, кредит ва кафолат олиш, давлат божларини тўлашда катта енгилликлар берилди.

Президент қарорига кўра Наманган вилоятида махсус текстиль зонаси ташкил этилади ва 15 та саноат зонаси инфратузилмасига 75 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, ҳар бир туманда камида 2 тадан микромарказ ўз фаолиятини бошлайди.

Аҳолига деҳқончилик учун тарқатиладиган 9,5 минг гектар ер (сўнгги икки йилда 8 минг гектар берилган) қўшимча имконият яратилади. Ушбу деҳқон ва тадбиркорлар ўз маҳсулотига бозор топиши учун, Наманганда 1 сентябрга қадар 15 та йирик савдо мажмуаси, деҳқон бозори ва «эко бозор» ишга туширилади.
***

Бир ҳафта ичида газ қуйиш шахобчаларига етказиб берилаётган газ салмоғи беш бараварга оширилиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, ҳозирда газ қуйиш шахобчаларига кунига 1 миллион куб метр газ етказиб берилмоқда. Яқин кунлар ичида ушбу миқдор 5 миллион куб метрга етиши кутиляпти.
***

Ҳисоб-китобларга кўра, зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига қилган ташрифи давомида тадбиркорлар билан учрашди ва қаттиқ совуқ оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

«Бу йил қиш ниҳоятда совуқ келди. Кўплаб тадбиркорлар бундан қийналганини билиб турибмиз. Шу боис, иқтисодиётда йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бугун алоҳида қарор имзоланди. Унга кўра, қаттиқ совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, қарорга кўра тадбиркорларга қуйидаги имтиёзлар берилади:

- 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-мартда муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади. Хусусан, Наманганда 73 нафар тадбиркорнинг 130 миллиард сўмлик кредит тўловлари узайтирилади.

- 29 минг нафар тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва «пеня»сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Наманган вилоятидаги 395 нафар тадбиркорнинг 17 миллиард сўм солиқ тўловлари узайтирилади.

- қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади. Наманганда 44 нафар тадбиркорга 65 миллиард сўм кредит ажратилади.

- носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади;

- 27 минг нафар тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади). Наманганда 183 нафар шундай тадбиркор бор.

- давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва «пеня» 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади;

- ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади.

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!