Қоронғи режим
Logo
Муваффақиятдан кейинги талон-тарож

Муваффақиятдан кейинги талон-тарож

Францияда шов-шувли тарзда шоҳсупани забт этган «Лилль» жорий мавсумни имкон қадар юқорироқ ўринга кўтарилишга сарфламоқда. Молиявий имконияти камтарона бўлган жамоа олтин таркибни сақлаб қололмади, бош мураббий Галтье ҳам нисбатан бадавлатроқ «Ницца»га йўл олди. Қуйидаги материал шу каби муваффақиятли мавсумдан кейин ажойиб ўйинчиларидан жудо бўлиб, юксак мақомни бой берган клубларга бағишланади.

  1. «ПАЛЕРМО»

«А» серия-2009|2010даги 5-поғона ғайриоддий табиатли бизнесмен Маурицио Зампарини жамоасининг энг юқори натижаси бўлиб қолмоқда. Ўзининг 17 йиллик фаолиятида клуб соҳиби 32 нафар мураббийни алмаштирди. Лекин скаутларнинг сифатли ишлари эвазига бир қатор ноёб иқтидорлар кашф этилди. Таркибига қатор юлдузларни жамлаган «Палермо» Италия кубоги ярим финалида «Милан»ни енгиб, Зампаринига дастлабки совринни ҳадя этишга яқин турганди. Бироқ ҳал қилувчи баҳсда «Интер»ни маҳв этолмади. Бунақа имконият бошқа такрорланмаслиги мумкинлигини сезган соҳибнинг ҳафсаласи пир бўлди ва у етакчи ўйинчиларни сотишга киришди. Оқибатда, жамоа мавсум-2011|2012ни 16-ўринда якунлади. Бир йилдан кейин элитани тарк этган «Палермо» ҳозир «С» сериясида қатнашмоқда.

  1. «АЯКС»

Мавсум-2018|2019да Эрик Тен Хаг ажойиб таркибни шакллантириш имкониятига эга бўлди. Мураббийнинг дастлабки тўлиқ мавсумида жамоа ички мусобақаларда «олтин дубл»ни қайд этди, ЕЧЛ «плей-офф» босқичида «Реал» ва «Ювентус»ни томошабинларга айлантирди. Ёзда улгуржи сотувларни амалга оширмади, лекин рекорд мақомидаги таклифни рад этмади - Де Йонг 86 млн. евро эвазига «Барса»га йўл олди. Шунингдек, «Ювентус» Де Лигтни ўз тарихидаги энг қиммат ҳимоячига айлантирди. Натижада икки забардаст ташкилотчидан маҳрум бўлган «Аякс» заифлашиб қолди ва чемпионлик унвонини сақлаб қолган бўлсада, ЕЧЛда қаторасига икки марта гуруҳдан чиқолмади.

  1. «ВОЛЬФСБУРГ»

«Челси»да ишончни оқламаган Кевин Де Брюйне «бўрилар» таркибига ўтгач, Бундеслигани забт этишга киришди. Аслида, усиз ҳам жамоа ажойиб ижрочиларни таркибга жалб этиб улгурганди: Перишич, Бас Дост, Налдо, Луис Густаво. Бу футболчиларни «Вольфсбург» 2012-2014 йилларда харид қилганди. Натижада у 2014|2015 йиллар мавсумини вице-чемпион мақомида якунлади, Де Брюйне эса чемпионатнинг энг яхши ассистенти унвонини қўлга киритди. Бундан ташқари, «бўрилар» клуб тарихидаги 2-соврин - Германия кубогига ҳам сазовор бўлдилар. Кейин Де Брюйне ва Перишич жамоани тарк этишди. Оқибатда, кейинги мавсумда «Вольфсбург» 8-поғонани банд этди, халқаро аренада эса ЕЧЛ чорак финалига етиб борди. Ёзда бошқа етакчиларидан ҳам маҳрум бўлган «бўрилар» аутсайдерлар қўшнисига айландилар.

  1. «ЛИЛЛЬ» ва «МОНПЕЛЬЕ»

Лига 1нинг бу икки вакили ҳам ярқ этиб порладию, муваффақият бардавомлигини таъминлай олмади. «Лилль» 2011 йилда «олтин дубль» қайд этганди. Кўп ўтмай, ўз иқтидорларини бошқа клубларга қўйиб юбориши сабабли чемпионлик ваколатини топширди. Кейинчалик шоҳсупага ўртамиёна «Монпелье» кўтарилди ва дастлабки чемпионлигини расмийлаштирди. Бироқ уни ҳам қисқа вақт ичида талон-торож қилиб, муваффақият сабабчиларини бошқа жамоалар «ўғирлашди». Бунга чидай олмаган Рене Жирар бир йилдан кейин жамоани тарк этди.

  1. «БАЙЕР»

2001|2002 йиллар мавсумида Бундеслига кумуш медаллари «Байер»га насиб қилди, жамоа ЕЧЛ финалгача етиб борди. Шунингдек, Германия кубогида ҳам ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушди. Хуллас, «требл»ни қайд этиш имкониятига эга бўлган жамоа совринсиз қолгач, уни «Неверкузен» деб атайдиган бўлишди. Жамоадаги юлдузли учлик - Баллак, Зе Роберто ва Лусиони «Бавария» ўзига оғдирди! Совринга чанқоқ йигитлар Мюнхенда бор маҳоратларини намойиш этиб, ўша мавсумдаёқ чемпион бўлишди. Шўрлик «доришунослар» эса, ҳанузгача совринлардан йироқдалар.

  1. «ДИНАМО КИЕВ»

Валерий Лобановскийнинг 90-йиллардаги жамоаси ички мусобақалардаги зафарлари эвазига Шарқий Европа гегемонига айланиб, халқаро майдонда ҳам шов-шув кўтарганди, ЕЧЛда қаҳрамонлик кўрсатди. Ўшанда навқирон Шевченко, Каладзе, Ребров, Шовковский, Лужнийларни хорижликлар илиб кетишди. Валерий Васильевич фожиали ўлимига қадар жамоада қолган бўлсада, «Динамо» ЕЧЛда гуруҳ босқичидан нарига ўтолмади.

  1. ПСВ

80-йилларда Эйндховен клубини бошқарган ва ҳанузгача ягона бўлиб қолаётган ЕЧКни қўлга киритган Гус Хиддинк 2002 йилда ўзи билан Жанубий Корея термаси йигитларидан олиб келганди. Шунингдек, Роббен, Кежман, Хунтелар, ван Боммель кабилар эвазига рисоладагидек таркибга эга бўлган жамоа Эредивизиеда зафарга эришиб, ЕЧЛ «плей-офф» босқичига қайтди. Лекин барча етакчиларни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Мантиқан олганда, асосий футболчиларнинг кетиши жамоани «синдириши» аниқ эди. Лекин ПСВ янги мавсумда «олтин дубль» қайд этди, ЕЧЛда ярим финалга чиқди! Кейинги талон-торож эса, мураббий истеъфосига сабаб бўлди.

  1. «МОНАКО»

Князлик клуби 2000 йилда Лига 1 тахтини эгаллагач, икки йил ичида Трезеге, Бартез, Саньоль, Рииселардан жудо бўлди. Мавсум-2003|2004да монегасклар Дидье Дешам раҳбарлигида ЕЧЛ финалида майдонга тушишди, футбол жамоатчилиги Эвра, Ротен ва Жюли каби бўлажак афсоналар ўйинларига гувоҳ бўлди. Бироқ шиддатли парвоз шукуҳи тарқамай туриб, олди-сотдилар авж олди. Охир-оқибат, бир неча мавсум юқори ўнталикдан жой олган жамоа қуйи дивизионга йўл олди. Мавсум-2016|2017да «Монако» навбатдаги чемпионликни расмийлаштириб, ЕЧЛда ярим финалгача кўтарилди. Ёзда шайхлар жамоанинг энг сара футболчиларини Париж ва Манчестерга олиб кетишди, бошқа харидорлар ҳам жим қараб туришмади. 10 йиллик савдода 1 млрд. евролик маррани забт этган монегасклар ҳозир қадни ростлай олмаяптилар.

  1. «УДИНЕЗЕ»

«А» сериянинг камтарин жамоаси янги асрдаги энг ёрқин саҳифани 2012 йилда яратди. Фриулия клубини иккинчи марта қабул қилган Франческо Гвидолинга жанговар жамоа насиб этганди. Дастлабки мавсумда унинг шогирдлари чемпионатда 4-ўринни эгалладилар. Кейинги мавсумда жамоа совриндор учликдан жой олди ва ЕЛ «плей-офф» босқичига чиқди. Кейин... етакчиларни 60 млн. еврога пуллаб, уларнинг ўрнини ёшлар билан тўлдирди. Ажойиб жамоа даври шу йўсин ниҳоясига етди.

  1. «ПОРТУ»

2004 йилда ички чемпионатда ғолибликка эришган навқирон Жозе Моуриньо жамоаси чинакам шов-шувли муваффақиятни ЕЧЛда қайд этди. Ўша таркибдаги кўпгина футболчилар юлдузларга айланишди, Моуни Абрамович Лондонга таклиф этди. «Беназир»нинг Англияга кетиши «Порту» парвозига якун ясади. Андре Виллаш-Боаш воқеаси ҳам шунга ўхшаш. Таажжубки, шу ва кейинги йўқотишлардан кейин ҳам «аждаҳолар» Европа футболининг донорлари бўлмиш «Монако», «Аякс» ва бошқа клубларга нисбатан муваффақиятлироқ тўп суришмоқда.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!