Қоронғи режим
Logo

Тўй харажатларини ўзи ким кўтаради?

Тўй харажатларини ўзи ким кўтаради?

Дунё бўйича энг серхаражат тўйлардан бири Ўзбекистонда бўлса керак. Ҳар ҳолда, халқимиз «Топганинг тўйга буюрсин» тушунчасига тўла амал қилиб, бу масалада зарурат ва исроф чегарасини унутиб қўйиши - айни ҳақиқат. Яна бир томони, ёзилмаган қоидалар бўйича ҳозирда тўй харажатларининг катта қисми қиз оиласи бўйнига тушмоқда. Аслида умумий харжда куёв томоннинг улуши кўп бўлиши мақсадга мувофиқдир. Аммо бизда акс манзара кўплаб ҳудудларда. Энг ачинарли томони, дабдабали тўйлар ёш оиланинг бахтиёр ҳаёт йўлини топиб кетишида зарра мисқол аҳамият касб этмаслигини тушунамиз-у, бунга бефарқ қарайверамиз. Муқаддас динимизда бежиз камхаражат тўйдан вужудга келадиган оила илдизи бақувват бўлиши айтилмаган.


Тўйдан олдинги харажатлар

Энди мисол тариқасида Наманган вилояти учун ўртаҳол ҳисобланган тўй сарф-харажатларини кўриб чиқайдик. Тўйга тайёргарлик харажати асосан келин томонга тушади - кўрпа-тўшак, қизнинг сарполари, янги уйга парда ва гиламлар учун ўртача ҳисобда 100  миллион сўм. Куёв томоннинг харажати эса асосан янги кийим-кечак ва ёш оилага уй тайёрлаш, мебеллар, келин оиласига жўнатиладиган 2 бош қўй, никоҳ оши масаллиқлари, шунингдек, узук учун кетган маблағни ўз ичига олади - чамаси 55 миллион сўм.

Тўй «ичи»даги харажатларга келсак, қиз томон маросимолди тадбирлар, никоҳ оши, шунингдек, қизлар базмига чиқим қилади - 35 миллион сўм. Йигит оиласи эса кўпинча никоҳ базми ва аксарият ҳолатларда эҳсон оши ёки яна қандайдир тадбирни ўтказиш учун санъаткорлар (амри маъруф бўлса, домлалар), видеомонтажчиларга аталган пулни сочади - 35 миллион сўм.


Тўйдан кейинги харажатлар

Базмдан кейин келин томонда куёв чақирди, ота чақирди каби тадбирларга ҳозирлик кўриш бошланади. Буларга умумлаштириб айтганда, яна 55 миллион сўм кетади. Бу вақтда куёв томон фақат юз очди-келинсалом ҳамда ота чақирди тадбирларида дастурхон ёзишга кетадиган «моёна»ни ҳисоблаб қўйиши керак - 25 миллион сўм.


Келажак тўйлари қандай бўлиши лозим?

Ҳукумат ва жамоатчилик идоралари қанча ҳаракат қилмасин, тўйларимизни «рамка»га сололмаяпмиз. Тахминий ва қўпол ҳисоб-китобларга қараганда, 1та оила барпо қилишга чамаси 300 миллион сўм (шундан 60 фоизи келин томон, 40 фоизи куёв томон зиммасида) сарфланмоқда. Ҳозир замон жадал ўзгармоқда, миллий мафкурамиз ўзгармоқда. Энди дўппини бошдан олиб қўйиб, камхарж европача тўйлардан андаза олишни ўйлаб кўрсак, бизни ким койийди? Ахир ҳозирги кунда чамаси 55-60 миллион сўм эвазига ихчамгина тўй ўтказиш имкони йўқ эмасми? Биз барчасини вилоят миқёсида кўриб чиқдик. Пойтахтдаги казо-казо тўйлар ва уларнинг сарф-чиқими ҳақида-ку гапириш ҳам қўнқинчли қайсидир маънода.


Хулоса ўрнида таклиф

Жойларда МФЙ фаоллари ёрдами билан ягона тўй механизмини яратиш керакдир балки. Албатта, тўй чиқимсиз бўлмаслиги тайин. Аммо ортиқча «чақир-чақир»лар, «тоғора»ларни минимал даражада пасайтиришга нима монеълик қилади? Буларнинг ўрнига вилоят мисолида ҳисобланган 30 минг доллардан маълум қисмини янги келинчак корига ярайдиган маиший техника (кир ювиш машинаси, ошхона анжомлари, печь ва ҳоказо...) харидига йўналтириш мумкин-ку.
Бир мушоҳада қилайлик, ёш оила учун 5-6 минг долларни «ютадиган» зарурати йўқ қандайдир чақирдидан нима фойдаю, хўжалигига асқотадиган битта оддий жиҳоздан қандай наф? Ахир никоҳ тўйининг асосий шарти базму жамшидларга беармон сарфлаш эмас, шунчаки, эл билиши учун маҳалла-кўй, яқинларни йиғиб, ош бериш-ку...   

Тўй харажатларини ўзи ким кўтаради?

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!