Қоронғи режим
Logo
Ядро энергетикаси йўналиши талабалари водород ва унинг энергетика соҳасидаги истиқболлари ҳақида нималарни билади?

Ядро энергетикаси йўналиши талабалари водород ва унинг энергетика соҳасидаги истиқболлари ҳақида нималарни билади?

«Водород ўзи нима, «яшил» водород қандай қилиб олинади ва нега олимлар ҳамда энергетика соҳаси мутахассислари уни истиқболли йўналиш, деб ҳисоблашади?». Ушбу саволларга Миллий ядро тадқиқотлари университети – Москва муҳандислик физикаси институти (МЯТУ ММФИ) Тошкент филиали талабалари «Ўзатом» агентлиги тасарруфидаги Атом технологиялари ахборот марказида (АТАМ) ўтказилган «Илм-фан ва технологиялар узра» лойиҳаси доирасида ўз маърузалари орқали жавоб бердилар. Ушбу марказнинг янги йўналишдаги биринчи лойиҳасида бўлғуси ядрочи-физиклар томонидан тайёрланган – «Водород: унинг хусусиятлари ва инсоният учун истиқболлари» мавзуси Тошкентдаги Cambridge халқаро CIS мактаби ўқувчилари учун ташкил этилди.

Тадбирни «Ўзатом» агентлиги атом энергетикаси ва ядро технологиялари бошқармасининг етакчи мутахассиси Мақсуд Худойбердиев очиб бераркан: «Бугунги кунда жаҳоннинг кўпгина мамлакатлари углерод нейтраллигига эришишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганини» алоҳида таъкидлади. «Бунда замонавий ядро технологиялари ва илм-фан муҳим ўрин тутади. Водород энергетикасини кам углеродли энергетиканинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида гапирар эканмиз, уни АЭС ёрдамида олиш, иссиқлик электр станцияларида электролиз йўли орқали ишлаб чиқаришдан кўра фойдалироқ экани тўғрисида алоҳида тўхталишимиз керак. Шу боис, МЯТУ ММФИ талабалари мураккаб жараёнлар, технологиялар ҳақида тушунарли ва тўлиқроқ гапириб бериш ташаббуси билан чиқдилар. Биз эса ушбу фикрни қўллаб-қувватладик. Бу каби лойиҳалар ёшларга нафақат бир-бирлари билан яқинроқ танишиш, балки уларни ядро технологиялари оламига янада чуқурроқ кириб, инсон ҳаётида тутган ўрни тўғрисида атрофлича маълумотларга эга бўлиш имконини беради», – деди Мақсуд Худойбердиев.

«Ядро физикаси ва технологиялари» йўналиши 2-босқич талабалари Мафтуна Холбоева ва Нодира Эркабоевалар водород хусусиятлари, уни олиш услублари ва қўлланиш соҳалари тўғрисида батафсил сўзлаб бердилар. Лойиҳанинг энг қизиқарли қисми «Жавобингизни тикинг» ўйини бўлиб, унда мактаб ўқувчилари водород мавзусидаги саволларга жавоб бердилар.

Тошкентдаги Cambridge халқаро CIS мактабининг 9-синф ўқувчиси Шаҳризода Ботирова ўз таассуротлари билан бўлишди: «Бугун биз водород мавзусидаги иштирок этган ўйин жуда қизиқарли ўтди. Ушбу викторинада қизлар жамоаси ғолиб бўлди. Бизга талаба қизларнинг чиқишлари жуда ёқди. Аввалига ҳеч нимани тушунмасам керак, деб ўйлагандим, лекин ҳаммаси осон тилда етказиб берилди. Кимё фанини унчалик яхши билмасам-да бугунги маърузада ҳаммаси тушунарли ва маълумотларга бой бўлди».

АТАМ тадбирининг янги форматида талабалар нималарга эришганликлари тўғрисида Мафтуна Холбоева шундай деди: «Мен водород энергетикасини тўлиқ билиб олишни жуда хоҳлардим, бунинг учун эса ушбу мавзуни тўғри тушунтира билиш керак. Ушбу тадбир мен тайёрлаган тақдимотнинг камчиликларини очиб берди. Шунингдек, ўзим учун ушбу соҳадаги имкониятларни ойдинлаштириб, қайси йўналиш бўйича кўпроқ ўз устимда ишлаш кераклигини билиб олдим. Бу менинг мактаб ўқувчилари билан мулоқот қилишдаги биринчи тажрибам эди. Бугунги куннинг хулосаси шуки, аудитория олдида гапириш илгари тасаввур қилганимдан кўра осонроқ бўлиб чиқди. Бу эса мени янги мавзулар ва тадқиқотлар томон илҳомлантирди».

Маъруза ва викторина якунларига кўра, интерфаол ўйин ғолиблари «Ўзатом» агентлиги махсус совринларига эга бўлдилар.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!