No icon

Бобомурод Аҳмедов Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзолигига сайланди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти Назарий астрофизика бўлими бошлиғи, физика-математика фанлари доктори, профессор Бобомурод Аҳмедов Бутунжаҳон Фанлар академияси (The World Academy of Sciences, TWAS) аъзолигига сайланди.

TWAS академияси 1983 йилда Нобель мукофоти совриндори, назариётчи физик олим Абдус Салам ташаббуси билан дунёда фан ва техниканинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган. Бутунжаҳон фанлар академиясининг 2018 йил 27 ноябрда Италиянинг Триесте шаҳрида бўлиб ўтган 28-Бош ассамблеясида дунёнинг 104 мамлакатидан 46 нафар янги аъзо сайланди, улар орасида юртдошимиз Бобомурод Аҳмедов ҳам бор.

Бобомурод Аҳмедовнинг илмий ишлари гравитация назарияси, умумий нисбийлик назарияси, релятивистик астрофизика ва компакт гравитацион объектлар физикаси соҳасидадир. У гравитация назарияси, майдонлар назарияси, релятивистик ва ядро астрофизикаси соҳаларида юқори илмий-педагогик тажрибага эга ва шу кунгача унинг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида 200 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган.

Таъкидлаш лозимки, Бобомурод Аҳмедов 2017 йилда илмий ишларига энг кўп ҳавола қилинган муаллиф (“Highly Cited Author”, Web of Science”), жорий йилда эса “Йил олими — 2018” (“Researcher of the Year”, Scopus), дея эътироф этилган. Шунинг билан бирга, Марказий Деҳли университетининг фахрий профессори, Италиянинг Триесте шаҳридаги Халқаро назарий физика марказининг релятивистик астрофизика ва гравитация соҳасида минтақавий координатори, Ҳиндистоннинг Университетлараро астрономия ва астрофизика маркази ва ТАТА фундаментал тадқиқотлар институти аъзоси ҳамдир.

Моҳира ЖУМАНОВА, xs.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика