No icon

Жорий йилда биринчи синфга қабул пуллик бўладими?

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов катта муҳокамага сабаб бўлаётган  мактабларга қабулнинг пуллик бўлиши ҳақида ёзди. 

«Президентимиз Тошкент шаҳридаги мактаблар аҳволини яхшилаш учун бу йил қўшимча 400 млрд сўм ва кейинги йил яна шунча ажратиш бўйича топшириқ бердилар. Ундан аввал Сергелида янги қурилаётган даҳаларда 4 та янги 1580 ўринли мактабларни қуриш бўйича 100 млрд сўм қўшимча ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган эди.

Яъни 2019 йилни ўзида қўшимча 500 млрд. сўм. Бу дегани 1 йилни ўзида охирги 5 йилда Инвестиция дастурлари доирасида ажратилган миқдордан деярли 2 маротаба кўп қўшимча маблағ ажратилаяпти! (рақамлардаги фарқни осонроқ тушуниш учун графикка қаранг).

Ўзи Президентимиз Шавкат Миромоновичдан аввалги даврни таҳлил қилсак, Тошкентда мактаблар асосан ёпилган экан. Сабаби асосий эътибор коллежларга бўлган. Шу вақтгача 23 та мактаб ёпилиб, бошқа ташкилотларга бериб юборилганини аниқладик. Шунинг учун, ҳозир Тошкентда мактаблар учун ҳеч нарса қилинмаяпти деб жар солувчилар, бироз ёлғон гапиришдан ор қилсалар яхши бўларди...

Тошкентдаги 81 та мактабнинг биринчи синфига қабул жараёнининг янги тизимини жорий этишнинг ижобий тарафлари қолиб, баъзилар «қабул пуллик бўлди» деб нотўғри талқинга ўтиб кетди. Натижада, «ҳукумат мактабларга пул ажратмаяпти», «аҳолидан пул йиғишга ўтиб кетилаяпти» ва ҳ.к. каби нотўғри изоҳлар кўпайиб кетганига ушбу масалага бироз ойдинлик киритиб қўйишни мақсадга мувофиқ деб ўйладим.

Биринчидан, Учтепа туманидаги 50 йилдан бери капитал таъмир қилинмаган, қувватидан деярли 3 баробар кўп ўқувчи ўқиётган мактабга Президентимиз ташриф буюрганларидан кейин Тошкент шаҳридаги мактабларни аҳволини тубдан яхшилаш бўйича топшириқ берган эдилар. Натижада, шу икки йил давомида Тошкент шаҳридаги мактаблар аҳволини яхшилаш учун қўшимча 800 млрд. ажратиладиган бўлди. Ҳозир тегишли қарор лойиҳаси тайёрланаяпти. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери, бу биринчи маротаба Тошкентдаги мактабларга шунча катта миқдордаги қўшимча маблағ ажратилиши. Натижада бошқа мактаблардаги моддий техник аҳвол ҳам анчагина яхшиланиши кутилаяпти. Бу аҳолиси ўсиб бораётган пойтахтимиз учун жуда керак. (янги тизим ва танқид асосан Тошкент шаҳрига боғлиқ бўлганига фақат Тошкент шаҳридаги маблағларни ёздим, бошқа ҳудудларда ҳам анчагина қўшимча маблағлар ажратилмоқда).

Иккинчидан, «престижный» деб шу пайтгача айтилаётган мактабларда таълим сифати зўр дегани эмас. Синфда 40-50 нафар ўқувчи бўлса, уларни орасида таълим тилини билмайдиганлари тушунмай ўтирса қандай сифат бўлсин?

Оддий мисол, яқинда ўтказилган республика олимпиадаси ғолибларининг атиги 9 фоизи ушбу мактабларга тўғри келаяпти (22 нафар ғолибдан 2 таси ушбу мактабларда ўқиган), ваҳоланки Тошкентдаги ўқувчиларнинг деярли 43,4 фоизи шу мактабларга тўғри келади (аслида 81 та мактаб Тошкентдаги мактаблар сонининг атиги 26 фоизини ташкил этади, яъни шаҳарнинг 26 фоиз мактабида 43 фоиз ўқувчи ўқияпти!) Шунга бошқа мактабларда таълим сифати ёмон деган иддао умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Ишлаб чиқилаётган таълим сифатини объектив баҳолаш бўйича янги тизим жорий этилсагина қайси мактабда таълим сифати юқори эканлиги аниқ бўлади.

Учинчидан, қарор чиққани билан уни ижро механизмлари, тегишли дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишга ва уни тўғри ишлашини текширишга, айниқса тўлов билан боғлиқ тизимларга, қанчадир вақт кетади, шунга ҳозир фақат бепул қабул амалга оширилади.

Шунинг учун айни пайтда мактабларга пуллик қабул ҳақида ҳеч қандай гап йўқ! Шу сабабли ортиқча эҳтиросга берилмасликни, «престижный» мактабга болангизни жойлаштириш учун таниш-билиш ёки пул қидирмасликни тавсия этаман.

Бирон бир тушунмовчилик бўлса, уни мактаб маъмурияти ёки туман таълим бўлими вакиллари билан маслаҳатлашиб ҳал қилишга ҳаракат қилган маъқул, интернет орқали турли хил хайпларга берилмасдан» деб ёзган вазир.

Фикрлар

Яндекс.Метрика