No icon

2021 йил учун дунёнинг энг нуфузли университетлари рўйхати эълон қилинди

Маълумки, юртимизда Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities каби нуфузли агентликлар рейтингида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий ОТМларнинг дипломлари тўғридан-тўғри (синовларсиз) тан олинади.

Яқинда Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентлиги 2021 йил учун дунёнинг "ТОП-1000"талигидан ўрин олган университетлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рейтингдан дунёнинг 80 та давлатидан 1002 та етакчи олий таълим муассасалари жой олди.

QS томонидан ҳар йил эълон қилинадиган рейтингда ОТМлар жами 6 та индикатор асосида баҳоланади:

1. Академик нуфуз – 40 %

2. Иш берувчилар ўртасидаги нуфузи – 10 %

3. Талабалар сонининг университет илмий-педагогик таркибига нисбати – 20 %

4. Илмий-педагогик кадрлар таркибида хорижликлар улуши – 5%

5. Хорижлик талабаларнинг умумий талабалар сонига нисбати – 5%

6 Илмий нашрлардаги иқтибосларнинг ҳар бир ходимга нисбатан улуши – 20%

Дунё "ТОП-1000"талигидан ўрин олган ОТМлар сони бўйича АҚШ 151 та, Буюк Британия 84 та, Германия 45 та ва Япония 41 та ОТМ билан етакчилик қилган. Шунингдек, Россиядан 28 та ва Қозоғистондан 10 та ОТМ дунёнинг кучли "ТОП-1000"талигидан ўрин олган.

Мазкур рейтингда етакчиликни кетма-кет тўққиз йилдан буён Массачусетс технология институти (MIT) эгаллаб келмоқда. Навбатдаги ўринларни мос равишда Стенфорд ва Гарвард университетлари банд этишган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимизда таълим сифатини объектив ва шаффоф баҳолаб бориш, олий таълим муассасаларининг халқаро тан олинган рейтингларда ўрин олишларига кўмаклашиш мақсадида миллий рейтинг тизими (http://reyting.tdi.uz/school/) жорий этилган.

Миллий рейтинг тизимидаги баҳолаш индикаторлари дунёнинг етакчи халқаро агентликлари мезонларидан намуна олган ҳолда, Times Higher Education, QS ва Elsevier каби нуфузли ташкилотларнинг экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бу йилги миллий ОТМлар рейтинги жорий йилнинг август ойида эълон қилиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикамиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш назарда тутилган. Шу мақсадда ЎзМУ, ТИҚХММИ, ТДТУ, ТАТУ, СамДУ, ТДАУ, УрДУ, ТТА, Турин политехника университети, ҚҚДУ каби олий таълим муассасалари танлаб олиниб, уларни халқаро рейтингга киритиш режалаштирилган.

Маълумот учун, QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан ҳар йили дунё университетларининг глобал рейтингидан ташқари минтақалар бўйича ва йўналишларга ажратилган ҳолда ҳам рейтинги эълон қилиб борилади. 2020 йил учун Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича QS рейтингидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳам ўрин олган эди. Ушбу олийгоҳ 2019 йилда эълон қилинган миллий рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган. (http://reyting.tdi.uz/detail/?ID=807)QS рейтинги методологияси ва баҳолаш индикаторлари ушбу ҳаволада (https://www.topuniversities.com/qs-world-university-rankings/methodology) тўлиқ маълумотлар берилган. Тўлиқ рейтинг маълумотлари: www.topuniversities.com/

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати

Фикрлар

Яндекс.Метрика