No icon

Каналар ўлим хавфи юқори бўлган юқумли касалликларни ташийди

Аҳолининг катта қисми, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар асосан чорвачилик билан шуғулланиши сир эмас. Бугун деярли ҳар бир хонадонда бирор бир ҳайвон, йўқ деганда бир парранда бор. Уларни боқиш, етиштириш билан бирга турли касалликлардан ҳимоя қилиш ҳам жониворга, ҳам инсон учун муҳим ва зарур ҳисобланади. Миллий матбуот марказида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳамда давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман “Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги. Уни олдини олиш бўйича республикамизда олиб борилаётган тадбирлар” мавзусида олиб борилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат тизимига кирувчи тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

—Қрим-Конго геммографик иситма касаллиги иссиқ иқлимли ўлкаларда, тоғолди ҳудудларда, дашт зоналарида кенг учрайди ва улар каналардан юқади. — дейди Абдусами Ахматов, ФВВ Радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик) муҳофаза бошқармаси бўлим бошлиғи. — Бу касаллик республикамизнинг 30% ҳудудида учрайди, яъни Қорақалпоғистон республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида тиббий ўчоқлари мавжуд. Биз аҳоли орасида бу касалликни олдини олиш мақсадида тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз. Хусусан, еттита вилоятда лаборатория ташкил қилинди, 650 мингдан зиёд турли тарқатма материаллари чоп этиб, одамларга тарқатдик. Келгусида тарғибот ишларини янада жадаллаштиришда, аҳолининг тиббий саводхонлигини янада оширишда ОАВ га ҳам суянамиз.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ҳудудларида каналарнинг кўплаб турини учратиш мумкин. Уларнинг орасида иксод каналари айнан ўта хавфли юқумли касалликларни ташувчи ҳисобланади. Иксод каналари мол ва қўйларда учрайди. Улар ҳатто одамларда ҳам бўлиши мумкин. Қрим-Конго геммографик иситма касаллигини улар қон орқали юқтиради. Қўй жунларини қирқишда, мол сўйишда, канани чаққанда ва баъзан шунчаки уни эзиб ўлдирганда ҳам юқиши кузатилади. Ҳайвон боқиладиган овулларни, нураб қолган эски жойларни дизинфекция қилганда доим шахсий химоя воситалари: перчатка, юзга ниқоб, махсус кийим кабилардан фойдаланилса турли касалликларни тарқалишининг олди олинган бўлади.

Юлдуз ЎРМОНОВА, xs.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика