No icon

Ўзбекистонда ОИТС(СПИД)га чалинганлар сони 42 минг кишидан ошди

Ўзбекистонда 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига ОИТСга чалинган кишилар сони 42 098 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида мамлакатда ОИТСга чалиниш бўйича 3 337 та ҳолат аниқланган, шу жумладан, эркаклар орасида 1919 та (57,7 фоиз) ва аёллар орасида 1418 та ҳолат (42,5 фоиз). Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда, бу кўрсаткич 69 тага ёки 1,8 фоизга пасайган. Вазирлик хабарига кўра, ОИТСнинг онадан янги туғилган чақалоққа ўтиш ҳолати 2013 йилдаги 2,3 фоиздан 2018 йилда 0,3 фоизга камайган.

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг талабларига кўра, ҳар бир аёл ҳомиладорликнинг 14-ҳафтасигача мажбурий тиббий кўрикдан ўтади. Организмида ОИТС аниқланган ҳомиладор аёллар бола туғилгунига қадар вирусга қарши профилактик дори воситаларини қабул қилади. Туғилган чақалоқ эса бир ой давомида вирусга қарши дори воситаларини қабул қилади. Айни пайтда мамлакатда вируснинг қайталашига қарши 28 минг киши даволанади. Бу даволаш терапияси касалликнинг салбий оқибатлари ривожланиши ва вируснинг бошқа кишиларга ўтишининг олдини олади.

ОИТСга чалинган кишиларга махсус тиббий ёрдам кўрсатиш учун Республика ОИТС марказида 60 ўринли махсус шифохона, Вирусология илмий-тадқиқот институтида эса 30 ўринли бўлим фаолият олиб боради. 2013—2018 йилларда мазкур муассасалар томонидан ОИТСга чалинган 7500 дан ортиқ кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Сўнгги йилларда вирусга қарши дори воситаларини сотиб олиш учун ОИТС, туберклёз ва безгакка қарши кураш бўйича глобал жамғарма томонидан ажратилган 15 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланган. 1 декабрь Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИТС бўйича дастури ЮНЭЙДСнинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 37 миллиондан ортиқ киши ОИТС билан яшамоқда.

Ҳозирда 37,9 миллион кишидан 79 фоизи тестдан ўтган, 62 фоизи даволанган ва 53 фоизи вирусни бошқа кишиларга юқтирмайдиган даражада даволанган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика