No icon

Тошкент аҳолиси 523 млн сўмлик қоидабузарлик акс этган фото ва видео материал юборди

ИИББ пойтахт аҳолиси юборган йўл ҳаракати қоидабузарликлари акс этган фото ва видеоларга асосан ҳайдовчилардан 523 миллион сўм жарима ундирди. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар берди. Жарималарнинг асосий қисми қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланганлик учун — 325,5 миллион сўм, светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланиш — 101,6 миллион сўм, тақиқланган жойда тўхташ — 45,9 миллион сўм, авария ҳолатини келтириб чиқариш — 12 миллион сўм, пиёдаларга йўл бермаслик — 5,4 миллион сўмни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамиз, @iibb_bot Telegram-боти жорий йилнинг апрель ойида йўлга қўйилганди. Унда авторизациядан ўтиш телефон рақамни киритиш, ўзбек ёки рус тилини, яшаш жойи ва ҳодиса жойини танлаш лозим.

Шундан сўнг ИИББ фаолиятига қарашли миграция хизмати ва фуқароликни расмийлаштириш, профилактика инспекторлари ва бошқа хизматлар бўйича хабарга аудио, видео ёки суратни бириктириб мурожаат юбориш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 июлидан Йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича видеоёзувлар тақдим этган шахсга пул мукофоти бериш тартиби жорий этилади.

Мукофот пули энг кам иш ҳақининг беш фоизини ташкил қилади ва у қоидабузарнинг жаримасидан ундирилади. Видеоёзув тақдим этган шахс ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинмайди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика