No icon

Японияда уйлар бепул берилади, ҳатто хорижликларга ҳам...

Ўтган йил сўнгида Япония ҳукумати янги дастур ҳақида эълон қилди. У кўплаб японларни турар-жой билан таъминлаши мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб уйлар деярли текинга тарқатилади, айримлари эса ҳақиқатан ҳам бепул. Айтганча, ҳатто хорижликлар ҳам ана шундай кўчмас мулк эгаларига айланишлари мумкин. Дастурда жами 8 миллионта уй иштирок этади.

Гап шундаки, бутун Япония бўйлаб кўп миқдордаги бўш турган уйлар мавжуд. Уларнинг ҳатто ўзига хос номи ҳам бор – акийя. Улар кўп йиллар давомида бўшлигича қолмоқда ва яроқсиз кўринишга келяпти.

Японлар ўз турар-жойлари борасида ирим-сиримларга қаттиқ ишонадилар: агар уйда кимдир вафот этган, айниқса ўлдирилган бўлса, ўша уйни харид қилишмайди. Бу ёмон белги ҳисобланади. Бунга ишонч шу қадар кучлики, мамлакатда ҳатто “ёқимсиз” кўчмас мулк тўпланган махсус сайт ҳам бор.

Японияда туғилиш борасида ҳам бари “жойида” эмас: кўпчилик японлар ёлғиз умр кечиришади, кунларини ишда ўтказишади, оила қурганлари ҳам одатда биттагина фарзандда тўхташади. Кунчиқар мамлакат аҳолиси сайёрадаги энг қари аҳоли саналади. 65 ёшдан ошган кишилар бу ерда 27 фоиздан ортиқ.

Айнан шу сабабли кўчмас мулкнинг аксарияти бўшлигича қолмоқда. Бўш турган уйлар эса қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради: қулаб тушиши мумкин, улар доимий равишда тунаб кетилади, кемирувчилар пайдо бўлади. Аста-секин қулаб тушиш ҳолатига келадиган акийя билан қўшни бўлиб яшашни ҳеч ким истамайди, шунинг учун ҳам ернинг нархи тушади, давлат эса камроқ солиқ олади.

Охир-оқибат ҳукумат ташландиқ уйларни «жонлантиришга» қарор қилди. Шунинг учун ҳам аҳолиси кўп бўлган шаҳарлардаги одамлар шаҳар чеккасига кўчиб ўтишларига умид бор. Анчадан бери ташландиқ бўлиб келган уйлар учун эса ҳатто қўшимча мукофот ҳам ваъда қилинмоқда.

Акийяни нафақат японлар, балки бошқа исталган мамлакат аҳолиси ҳам харид қилиши мумкин. Бироқ шуни ёдда тутиш лозимки, Японияда турар-жойга эгалик хорижликлар учун фуқароликни таъминламайди. Фуқароликни, ҳатто вақтинча ҳам фақат муайян шартлар асосида олиш мумкин: Японияда ишлаш ёки ўқиш, турмушга чиқиш ёки уйланиш.

Суратларни кўриш натижасида ёқиб қолган уйни ҳам кўр-кўрона харид қилиш керак эмас. Мутахассислар уйни кўздан кечиришлари ва баҳолаб беришлари лозим.

Айрим ҳолларда бино водопровод ва термитлар сабаб яроқсиз бўлиши мумкин. У ерда яшаб бўлмайди, солиқлардан эса қочиб қутулолмайсиз. Агар акийяда жиддий муаммолар бўлмаса ҳам таъмирлаш учун пул сарфлашга тўғри келади. Бироқ ҳар бир ҳолат ўзига хос, шундай уйлар борки, уларга ҳукумат субсидиялар тақдим этади.

Япониядаги ҳар бир префектуранинг акийяга бағишланган ўз сайтлари бор. Шу боис арзон кўчмас мулкни харид қилиш учун шаҳар маъмуриятига мурожаат этган маъқул. Айнан ўша ерда барча бўш турган уйлар, уларнинг ҳолати ва нархи ҳақида аниқ маълумот берилади.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика