No icon

Навоийда «миллий смартфон» тақдим этилди

Аввал хабар қилганимиздек, АКТ вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятида бўлиб, соҳа корхона ва ташкилотлари фаолиятини ўрганмоқда. Ишчи гуруҳ Бешработ туманлараро почта алоқаси ва Навбаҳор телекоммуникациялар боғламаларида, шунингдек, Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги «TELECOM INNOVATIONS» ҳамда «TELECOM DEVICES PRO» қўшма корхоналарида бўлди.

Вазирлик «Рақамли технологиялар ва IТ-тадбиркорлик ўқув марказлари» лойиҳасини  амалга оширишга киришган. Сирдарё ва Наманган вилоятларида бўлганидек, Навоий вилоятида ҳам ана шу лойиҳани рўёбга чиқариш учун ўқув марказларига жой танланмоқда. Жумладан, Бешработ туманлараро почта алоқаси боғламасининг Навбаҳор тумани марказидаги биносида ўқув маркази учун хоналар кўриб чиқилди. Вазир Шуҳрат Содиқов зарур бўлса, ўқув марказ ўқитувчилари, почта ва телеком корхоналари мутахассислари учун хизмат уйлари қуриш лозимлигини айтиб ўтди. Навбаҳор телекоммуникациялар боғламаси ҳамда «TELECOM DEVICES PRO» қўшма корхонаси ёш ходимлари билан мулоқот жудаям очиқ ва самимий ўтди. Навбаҳорлик телекомчилар туман марказида Wi-Fi зонаси ташкил этиш таклифи билан чиқишди.

«TELECOM DEVICES PRO» қўшма корхонаси жорий йилда 15 та лойиҳани амалга оширмоқчи. Мисол учун, корхона мутахассислари таклиф этаётган ихчамгина Wi-Fi роутери бино ичида 30 метрни, бино ташқарисида 60 метрни интернет билан қамраб олади.

Ёки бўлмаса, ёш мутахассис Зарнигор Жуманова таклиф этаётган смартфон ўзига хос кўринишга эга, унга «Кутубхона» дастури ўрнатилган. Смартфонда ўзбек ёзувчи ва шоирларининг бадиий асарлари — Алишер Навоийнинг «Хамса»си,  буюк соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари», ўзбек мумтоз куй ва қўшиқлари жойлаштирилади. Иконкалар ҳам миллий руҳда яратилган.

Вазир билан бўлиб ўтган мулоқотда ёшлар ўз таклифларини билдиришди. Ўз навбатида, Шуҳрат Содиқов уларнинг иш фаолияти, режалари билан қизиқди, қандай муаммолари борлигини сўради.

Манба: xabar.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика