No icon

Қурилиш вазири Шайхонтоҳур туманига ҳоким этиб тайинланди ва Учтепа тумани ҳақида

Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда “Халқ сўзи манбалари хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани кенгашининг 10 май куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Тўхтаевнинг номзоди бир овоздан маъқулланган.
Маълумот учун, Абдуқаҳҳор Тўхтаев 1996-1999 йилларда ҳам Шайхонтоҳур туманини бошқарган. У 2005—2011 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлган, 2013—2016 йилларда “ЎзЛИТИнефтгаз” компанияси раҳбари ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 2016 йил кузида Жиззах шаҳри ҳокими, 2017 йилнинг апрелида Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланганди. 2018 йилнинг апрелида эса Абдуқаҳҳор Тўхтаев янги ташкил этилган Қурилиш вазирлигига раҳбар бўлганди.
***

 

2018 йил май ойида Тошкентнинг Учтепа тумани ҳокими лавозимига тайинланган Шуҳрат Отамуҳамедов вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти «Газета.uz"га хабар қилди.

Бундан ташқари, тумандаги иккита сектор раҳбари — давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ва ИИБ ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳам лавозимидан озод қилинди.

Қайд этиш жоизки, 10 май куни президент Шавкат Мирзиёев Учтепа тумани раҳбарияти ва маҳаллалар раислари, зиёлилар ҳамда мансабдор шахслар билан учрашган эди. Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари туманда саноат ишлаб чиқариши Тошкент шаҳри кўрсаткичидан 2 баробар камлиги, бошқа соҳалар ҳам энг паст даражада эканини кўрсатиб ўтди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш, ички йўллар ва коммунал тармоқларни таъмирлаш ва ёшлар масаласи бўйича кўп ишлар қилиниши кераклигини қайд этди. Шу мақсадлар учун 61 та лойиҳадан иборат дастур шакллантирилгани, улар ҳали яна кўпайтирилишини таъкидлади.

«Учтепа туманини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинади. Унга нисбатан аниқ таклифларингизни айтсангиз, бу ҳужжат амалий, фойдали бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда аҳоли таклифларини тегишли режаларга киритиш, яқин вақтларда амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика