No icon

Ҳукумат ишини баҳолаш дастури ишга туширилади

“Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш” ҳукуматлараро дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси ва БАА ҳамкорлигида 17 та мақсадли гуруҳ ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг БААдаги ташрифи давомида эксперт гуруҳларининг икки томонлама учрашувлари ташкил этилди. Жумладан, Адлия вазири Русланбек Давлетов раҳбарлик қилаётган “Ҳукумат самарадорлиги” (“Government quality”) гуруҳи 6-8 май кунлари Амирликдаги ўз ҳамкасблари билан қатор амалий сессияларни ўтказишди.

Хусусан, Ўзбекистон делегация аъзолари Давлат хизмати масалалари бўйича Федерал идора фаолияти, хусусан, давлат органлари ва хусусий компанияларида KPI тизимини жорий этиш тажрибаси билан танишдилар. Амалий сессиялар давомида, шунингдек, жамоат хавфсизлиги соҳасидаги бешта таҳдидлар – жиддий жиноятлар, йўл ҳодисалари, аҳолининг ишончлилик даражаси, фуқаролар хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги масалалари кўриб чиқилди. Ушбу таҳдидлар Дубай Ички ишлар вазирлигининг асосий кўрсатгичлари сифатида белгиланди.

Учрашув якунида “ҳукумат самарадорлиги” йўналиши бўйича қисқа муддатли ва узоқ муддатли истиқболдаги лойиҳа муҳокама қилинди. Шу билан бирга, учрашув якунида ишчи гуруҳлари томонидан “Давлат хизмати” йўналиши бўйича қисқа ва узоқ муддатга мўлжалланган қўшимча лойиҳа ҳам ишлаб чиқилди.

Ишчи гуруҳи сессиялари натижасида жорий йилнинг июль, сентябрь ва ноябрь ойларида Ўзбекистон вакиллари учун давлат бошқаруви сифатини оширишга қаратилган тренинглар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди. 2020 йилда ҳукумат, унинг бўлинмалари, давлат органлари ва уларнинг ходимларини самарадорлигини баҳолаш дастурини тўла ишга тушириш режалаштирилмоқда. 

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, 2021 йилда Амирлик мутахассисларини жалб қилган ҳолда баҳолашнинг биринчи раундини ўтказиш кўзда тутилган. Учрашув сўнгида “Давлат хизмати” йўналиши бўйича қисқа ва узоқ муддатга мўлжалланган режанинг лойиҳасини амалга ошириш механизмлари келишиб олинди.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика