No icon

GM Uzbekistan’нинг арзон моделлари Chevrolet Onix ва янги Tracker бўлиши мумкин

GM Uzbekistan компанияси учта арзон (бюджет) автомобиль модели — иккита седан ва битта кроссоверни чиқаришга тайёрламоқда. Бу ҳақда, Ўзбекистон автомобилсозлик тармоғидаги манбаларга асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.

Фото: «Газета.uz»

Тахминларга кўра, Chevrolet Onix седани ва Tracker кроссоверининг янги авлодини ўзлаштириш кутилмоқда. Учинчи автомобиль модели борасида General Motors билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Бу ҳали жаҳонда тақдимоти ўтказилмаган янги автомобиллар бўлади», — дея таъкидлаган интернет-нашр манбаси. Қайд этиш жоиз, янги Chevrolet Onix арзон седани ва Tracker’нинг янги авлоди 2019 йил ёзида Хитой бозорида тақдим этилади.

Фото: «Газета.uz»

Аввалроқ GM Uzbekistan қиймати 10 ва 15 минг доллар бўлган арзон автомобилларни чиқариш устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. Компания премиум синфга оид учта модель — Chevrolet Trailblazer, Equinox ва Traverse’ни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бу уч автомобилнинг бари йирик узелли йиғиш услубида йиғилади.

Бундан ташқари, янги арзон автомобиллар ишлаб чиқариш учун 500 миллион доллар эвазига ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, шунингдек, GM Powerтраин Uzbekistan автомобиль двигателлари заводини модернизацияси учун 250 миллион доллар сарфлаш кутилмоқда. «Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, бу маблағ кўп жиҳатдан янги арзон автомобилларни ўзлаштириш учун керак.

Фикрлар

Яндекс.Метрика