No icon

Дунё полвонлари Хивада поeзд локомотивини тортиб куч синашди (фото)

Хива шаҳрида илк бор Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб ўтказилаётган «Баҳодирлар ўйинлари» халқаро турнири беллашувлари давом этмоқда.

Мусобақада қатнашчилари «Хива» темир йўл вокзалида «Ўзбекистон поезди» шарти бўйича локомотив(тепловоз)ни 20 метр масофага тортиш бўйича баҳс юритишди. Уларнинг маҳоратини юзлаб мухлислар кузатишди.

Спортчиларнинг чиқишларини хорижий ҳакамлар бошқариб боришмоқда.

Якуний натижаларга кўра, ушбу машқни бажаришда биринчи ўринни Украинанинг 2019 йилги чемпиони Павло Кордияка эгаллади. Иккинчи ўринга Ўзбекистоннинг 46 карра, жаҳоннинг икки марта чемпиони ва Осиёнинг мутлақ ғолиби Сергей Трубицин сазовор бўлди. Учинчи ўринни эса Жанубий Американинг 2018 йилги энг кучли одами Вагнер Менетсес Дос Сантос банд этди.

«Баҳодирлар ўйинлари» ғолиб ва совриндорлари алоҳида шарт бўйича эмас, еттита шарт жараёнида йиғилган жами очколар бўйича аниқланади.

«Турниримиз ўзига хос жозибадорлиги билан барчага хуш кайфият бағишлаяпти. Бинобарин, жаҳоннинг энг кучли полвонларининг куч-қувватини, маҳоратини бевосита томоша қилиш имконияти ҳамма вақт ҳам бўлавермайди. Бугун кечқурун мусобақамизнинг ғолиб ва совриндорларининг номи маълум бўлади», - дея вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Мадаминовнинг сўзларини келтирмоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Фикрлар

Яндекс.Метрика