No icon

Ўзбекистон захиралардаги олтин улушини камайтириб, облигациялар сотиб олади

Ўзбекистон бошқа мамлакатлар суверен облигацияларига сармоя киритиш ҳамда захираларидаги олтин улушини қисқартиришга ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки раҳбари Мамаризо Нурмуратов 3−5 июль кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Халқаро молия конгресси майдонларида маълум қилди.

«Биз АҚШ ғазначилик векселлари ҳамда бошқа давлатлар, жумладан Хитой қарз мажбуриятларини сотиб олишни хоҳлаймиз, — деди Мамаризо Нурмуратов. — Олтин улуши 50 фоизга яқинроқни ташкил этмоқда, бироқ келгусида у қисқариши мумкин».

Бу, Bloomberg агентлигининг қайд этишича, бошқа давлатлардаги моделдан ажралиб туради — Хитойдан Польшагача дунё мамлакатлари глобал инқироз ҳамда геосиёсий стресс эҳтимолидан ҳимояланиш учун олтин сотиб олмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон қазиб олинаётган барча олтинни тўпламоқда, шунинг учун сўнгги йилларда захиралар ҳажми ошмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 1 июнь ҳолатида олти-валюта захиралари 25,8 млрд долларни ташкил этди(йил бошидан буён 557 млн доллар кам).

«Олтин улуши камроқ бўлади, чунки олтин-валюта захиралари ҳажми ўсиб боради ва биз кўпроқ олтин сотамиз», — дея изоҳ берди Марказий банк раиси.

Унинг сўзларига кўра, 4−5 йилдан сўнг ўзбек ишлаб чиқарувчилари жаҳон бозорида тўғридан-тўғри олтин сота оладилар. Айни вақтда, дея қайд этди у, Марказий банк маҳаллий компаниялар ишлаб чиқарган олтинни сўмда харид қилиб, валюта бозорида долларда сотмоқда.

Жорий йилда сўм 2 фоизга (9 июлдаги курс — 1 доллар учун 8578 сўм) пасайди. Марказий банк раҳбари ўсувчи ўзгарувчанликни (волатиллик) зарур ҳодиса, меъёрдаги, соғлом жараённинг бир қисми деб атади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика