No icon

29 ёшли йигит Инновацион ривожланиш вазирига ўринбосар бўлди

Ўзбекистон Президентининг 12 ноябрдаги қарори билан Олимжон Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу лавозимга тайинлангунига қадар Олимжон Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирлигида бошқарма бошлиғи ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Олимжон Тўйчиев 1991 йил Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2015 йил машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражаси ва 2017 йили Мехатроника йўналиши бўйича магистрлик даражасига эга бўлган. Олимжон Тўйчиев 2016—2017 йилларда Германиянинг Хоффенхайм университетида ҳам таҳсил олган.

Шунингдек, Олимжон Тўйчиев 2013 йил овоз орқали масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратиб, фан ва техника соҳасида, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштириш йўлида қўшган ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

2017 йил Олимжон Тўйчиев «Камолот» ЁИҲ қурултойида Ўзбекистон Президенти томонидан Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган эди.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика