No icon

Айрим фуқароларга пенсия имтиёзлари белгиланади

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиси сифатида ишлаган фуқароларга пенсия имтиёзларини белгиланади. Бу ҳақда 2020 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури лойиҳасида айтилган.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Тегишли Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ–5843-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурининг 12-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар - Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги. Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддати - 2020 йил 1 февраль, Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати - 2020 йил 1 март.

Бундан ташқари, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мўлжалланмоқда. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ–5817-сон Фармонининг 7-бандида белгиланган.

Қонун лойиҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларини, истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлиги, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) мустақил экспертизасини ўтказиш механизми назарда тутилади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар - Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт”. Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддати - 2020 йил 1 февраль, Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати - 2020 йил 1 март.

Манба: sof.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика