No icon

Хитойда вазият оғирлашмоқда ва улар чет эл фуқароларини карантиндаги шаҳарлардан эвакуация қилишга рухсат беришмаяпти

Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси тақдим этган маълумотга кўра, 2020 йил 25 январь ҳолатига кўра, коронавирусли пневмониядан вафот этганлар сони 41 нафарга, касалланганлар эса 1287 нафарга етди, яна 1965 киши касалланган деган гумон билан шифокорлар назоратида. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган. Ушбу вируснинг янада тарқалишини олдини олиш мақсадида Хубей провинциясининг Ухан шаҳри ва бошқа 12 та шаҳарлари карантин учун ёпилди. Маҳаллий ҳокимият гавжум жойларда вирус юқиши хавфининг юқорилигини инобатга олиб санитария тадбирлари давомида ташқарига чиқмасликни маслаҳат бермоқда.

Карантин эълон қилиниши муносабати билан тегишли ҳокимият органлари Хитойда аккредитация қилинган хорижий мамлакатларнинг барча дипломатик ваколатхоналарига чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилиш бўйича рад жавобини бермоқда.

Карантин киритилганидан сўнг бошқа давлатнинг элчихоналари ўз фуқароларини эвакуация қилгани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари вазиятни назоратга олган ҳамда барча масалаларни, жумладан зарурат туғилганда Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш масалаларини ҳал қилиш учун тегишли ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Элчихона ва Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан доимий мулоқот ўрнатган, жумладан “WeChat” ижтимоий тармоғида “Ухан 2020 Ўзбекистон” ва “Uzbeks in Wuhan” гуруҳлари ишлаб турибди.

Айни пайтда мазкур вазиятни мониторинг қилиш ва вируснинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қошида штаб ташкил этилди. Хавфли ҳудудлардан келадиган барча фуқаролар кузатувга олинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб ТИВ Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +86 135-1102-4242, Бобур Яҳёев, +86 139 1175-4476, Шуҳрат Умиров) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.:+86 131-2255-5772, Азиз Улуғбеков) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.

***
Хитойда хавфли коронавирус инфекциясининг тарқалиш суръати тезлашди, деб маълум қилди ХХР раиси Си Цзиньпин. "Биз хавфли вазиятга дуч келдик, янги коронавируснинг тарқалиши тезлашмоқда", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Хитой ОАВ. Аввалроқ мамлакат ҳудудида 1355та янги коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилгани, 41 киши вафот этгани маълум қилинганди.  

Global Times нашрининг ёзишича, Хитойда аҳолини янги коронавирусдан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар 1 млрддан ортиқ кишини қамраб олади. Унинг маълумот беришича, 22 провинция ва муниципалитетда хавфнинг энг юқори даражаси эълон қилинган.Хитойдан ташқари, Жанубия Корея, Япония, Тайланд, Австралия, Франция, Малайзия, АҚШ, Вьетнам ва Сингапурда вирус юқтириш ҳолати аниқланган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика