No icon

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 55 кишига етди. Тўрт беморнинг аҳволи оғир

Ўзбекистонда 25 март айни пайтгача коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 56 нафарга етди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.

Республика бош давлат санитария инспекторининг сўзларига кўра, беморларнинг бари Республика вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволаш муолажаларини олмоқда. 13 нафар беморда ўпка яллиғланиши — пневмония аломатлари кузатилмоқда. Тўрт нафар беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда — уларга тегишли интенсив терапия муолажалари ўтказилмоқда. Ҳукумат ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғинин қўшимча қилишича, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги даволаш-профилактика муассасаларида, профилакторийларида, санаторийларида ташкил этилган махсус изоляторларда жами 20 мингдан ортиқ фуқаро карантин тадбирларини ўтаяпти. Улар карантинда бўлган жойларида тиббий кузатув остига олинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 50 нафарга етгани, улардан беш нафари соғайгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, хорижда бўлмаган ва аввал коронавирусга чалинган фуқаролар билан мулоқотда бўлмаган 20 ёшли қизда ҳам касаллик аниқлангани маълум қилинган эди.

Дастлабки 49 беморнинг 19 нафари эркак, 30 нафари хотин-қиз, шунингдек, 4 нафари вояга етмаган болалар эканлиги айтилган эди. Уларнинг тўрт нафари 0—9 ёшгача, бир нафари 10—19 ёшгача, 27 нафари 20—40 ёшгача, етти нафари 40—50 ёшгача ҳамда, тўрт нафари 50—59 ёшгача ва олти нафари 60—70 ёшгача бўлган фуқаролардир.

***

Тошкент шаҳрида Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган беморлар орасида Тошкентдан ташқари, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан бўлган фуқаролар бор. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Хабар берилишича, 2 нафар бемор Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда, улардан бирида Саудия Арабистонида Умра сафарида бўлиб қайтгач коронавирус инфекцияси аниқланган. «Барча беморлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, белгиланган стандартлар асосида даволанмоқда», – дейилади вазирлик ахборотида.

Фикрлар

Яндекс.Метрика