No icon

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони ошди, лекин "тоза" ҳудуд яна биттага кўпайди...

2020 йил 21 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2950 (+11) нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 6 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 5 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси) орасидан қайд этилди.

Айни пайтда юртимизда 2372 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайди. Ҳозирда мамлакатимизда 565 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 5 нафарининг аҳволи оғир. Барча беморларга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
***

Хоразм вилоятида 2 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалди ва реабилитацияга кузатилди. Хоразм вилоятида тузалиб чиққанларнинг бири 49 ёшли эркак бўлиб, Россиядан чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Иккинчиси эса 39 ёшли эркак бўлиб, касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган.

Вилоятда шу пайтга қадар 228 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 230 нафарга етди. Шундай қилиб, ҳозирда Хоразмда 3 нафар бемор даволанмоқда. Сурхондарё тузалиб чиққан 33 ёшли эркак касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган. Таъкидлаш жоизки, у ҳозирча вилоятдаги охирги бемор бўлиб, жами ушбу ҳудудда 43 нафар бемор коронавирус инфекциясидан фориғ бўлди. Ҳозирча вилоят COVID-19 дан холи ҳудудлар (Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари) сафига қўшилди.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2369 нафарни ташкил этмоқда.

Фикрлар

Яндекс.Метрика