No icon

Тўғри гапни гапирган одам – ислоҳотларга хайрихоҳ...

Наманган шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, ёшлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда

– Кейинги пайтларда анъанага айланганидек, бир-биримиз билан очиқча гаплашиб, муаммоларни маҳаллалардан бошлаб туманлар миқёсида ўртага ташласак, шу асосда бир йилга режа қилиб олсак, ўйлайманки, ушбу йиғилишимиздан кўзланган натижага эришамиз. Энг катта мақсад-муддаомиз – одамларни рози қилиш. Шу боис бугун вилоят фаоллари, ҳар бир туман мутасаддилари ўзларининг таклифларини бериши керак. Келгуси йилга қандай режалар қиламиз, қандай имкониятларимиз бор, бугун шуларни гаплашамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент жойларда «ютуқлар борлигини, ўзгаришлар бўлаётганини, лекин булар ҳали бизнинг олган марраларимизга мос эмаслиги»ни таъкидлади.

– Тўғри гапни гапирган одам – ислоҳотларга хайрихоҳ. Аччиқ гаплардан тўғри хулосалар чиқариб йўлимизни топиб олишга ҳаракат қилсак, энг катта маррамиз шу бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда эскича тушунчада қолиб кетган раҳбарлар йўқ эмаслиги қайд этилди. Пандемия шароитида юзага келган инқироз пайтида иқтисодиётни тиклаш жуда оғир масала экани, бу жойлардаги ижро органлари мутасаддиларидан катта масъулият талаб қилиши таъкидланди. Наманган вилоятини ривожлантириш бўйича энг мақбул йўлни топиб, иқтисодиётни юргизиш, иш ўринлари яратиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш энг катта масала бўлиб қолаётгани айтиб ўтилди.

Учрашувда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, соҳа ва тармоқларда янги лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, камбағалликни қисқартириш юзасидан вазифалар белгиланди.
***

Наманган шаҳри таркибида Давлатобод тумани қайта ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Наманганда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Наманган шаҳрида бугунги кунда расман 630 минг киши истиқомат қилмоқда. Амалда 800 мингдан кўп. Миллиончи шаҳар бўлиш яхши, мана, Самарқанд ҳам бунга интиляпти. Лекин аҳоли сони кўпайган сари шунга яраша ҳал этилиши зарур бўлган масалалар кўлами ҳам ортиб боради. Шу боис Наманган шаҳрида Давлатобод туманини қайта ташкил этиш таклиф қилинмоқда», — деди давлат раҳбари.

Маълумот учун, Наманган шаҳри таркибида аввал ҳам Давлатобод тумани бўлган, бироқ 2004 йилда ушбу туман тугатилганди.
***

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг рамзий дарвозаларидан бири ҳисобланган Наманган темир йўл вокзалида амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишларини кўздан кечирди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳларга темир йўл транспорти хизматини кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида вокзалда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, корхона ўз маблағи ва Ўзмиллий банк кредит маблағларини йўналтирган ҳолда 24 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди.

Вокзалдаги кутиш ва комфорт заллари, буфет, тиббиёт пункти, она ва бола хонаси, электрон маълумотлар маркази, кутубхона, миллий совғалар, газета-журналлар шохобчаси, юкларни вақтинчалик сақлаш хизмати каби барча бўлимлар замонавий андозаларда ташкил этилди. Бундан ташқари, мажмуага қўшимча равишда ўттиз уч ўринли меҳмонхона қуриб битказилди.

Ушбу ишлар натижасида Наманган темир йўл вокзали замонавий қиёфа касб этиб, бир вақтнинг ўзида 250 нафар, суткасига 2,5 минг нафар йўловчига замонавий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

Вокзал Фарғона водийси ҳалқа темир йўли бўйлаб тезкор электропоездлар қатновида водий шаҳарлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт боғланишида муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.

Шу билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи якунланди. Давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди, дейилади хабарда. 

Фикрлар

Яндекс.Метрика