No icon

Оҳангарондаги катта дўконда содир бўлган ёнғин тафсилотлари

28 июнь куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлашган дўконда ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Тошкент вилояти ИИББнинг маълум қилишича, ёнғин дўкон қаршисида «Зил-130» юк машинаси ва Damas тўқнашуви оқибатида юзага келган.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи 28 ёшли ҳайдовчи Ш.У. ўзининг бошқарувидаги «Зил-130» русумли юк автомашинасини Тошкент шаҳридан Ангрен шаҳрига йўловчисиз ва юксиз бошқариб кетаёган бўлган. «Зил-130» Оҳангарон шаҳрининг Амир Темур кўчаси «Гулистон» МФЙ ҳудудида жойлашган 3-сонли кўп қаватли уйнинг рўпарасига етганида автомашина қўл тормозининг ички қисмида ёнғин келиб чиққан. Ҳайдовчи автомобилни тўхтатишга уринган, аммо бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонига ўтиб кетган. Автомашинани тўхтатолмай кўп қаватли уйнинг ёнида ҳайдовчи ва йўловчисиз тўхтаб турган хусусий корхонага тегишли Damas русумли транспорт воситасига бориб урилган.

Икки автомашинанинг тўлиқ ёниши оқибатида ёнғин 3-сонли кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган енгил тамаддихона, озиқ-овқат ва хўжалик моллари ҳамда канцелярия дўкони, дорихонага, шунингдек, ушбу дўконларнинг ертўлаларига ўт кетган.

Келиб чиққан ёнғинни бартараф қилишга жами 7 та ёнғин ўчириш махсус машинаси жалб қилиниб, соат 15:00 да ёнғин тўлиқ бартараф қилинган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Мазкур ёнғин натижасида «Зил-130» русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш.У. куйиш жароҳати билан Оҳангарон туман марказий шифохонасига мурожаат қилган ва унга ўнг оёқ болдир, ўнг қўл кафт соҳаларида I—II даражали термик куйиш ташхиси қўйилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳар ҳокимининг фармойиши асосида етказилган моддий зарар миқдори ва уларни бартараф қилиш борасида махсус комиссия тузилиб, ҳодиса жойида штаб ташкил қилинган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика