No icon

Афсуски, бугун яна... Нохуш рекордлар янгиланди: 9 июль куни 472 кишида коронавирус аниқланди, 6 бемор вафот этди

Ўзбекистонда 8 июль соат 23:30 дан 9 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 472 та ҳолат қайд этилди. Бир кун аввал ўрнатилган рекорд яна янгиланди. 8 июль куни 422 нафар беморда касаллик аниқланганди. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 11564 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 275 нафари карантин муассасаларида (хориждан келиб карантинга олинганлар — 217 нафар, Наманган вилоятида — 18 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 14 нафар, Қашқадарё вилоятида — 8 нафар, Тошкент шаҳрида — 6 нафар, Жиззах вилоятида — 6 нафар, Самарқанд вилоятида — 4 нафар, Фарғона вилоятида — 2 нафар);
  • 190 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 156 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 10 нафар, Жиззах вилоятида — 10 нафар, Наманган вилоятида — 6 нафар, Фарғона вилоятида — 3 нафар, Қашқадарё вилоятида — 3 нафар, Сурхондарё вилоятида — 1 нафар, Бухоро вилоятида — 1 нафар);
  • 7 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (барчаси Тошкент вилоятида) аниқланган.

Кун давомида 10 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 8 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида кун давомида 190 кишида касаллик қайд этилди. Бу янги рекорд. Бунгача 4 июлда аҳоли орасида 142 кишида касаллик аниқланиши энг катта кўрсаткич бўлиб турганди.

Тошкент шаҳрида аниқланган 162 та ҳолатдан 6 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 156 нафари аҳоли орасида қайд этилди. Июль ойининг ўзида пойтахтда кунлик касалланиш ҳолати 7 марта 100 ва ундан ортиқ бўлмоқда. Аҳоли орасидаги касалланиш ҳолати эса июль ойида 4 марта 100 нафардан ошмоқда. Аммо аҳоли орасида биринчи марта 156 кишида касаллик аниқланмоқда. Бу Тошкентда қайд этилган 4 июлдаги кўрсаткич (105 киши)дан қарийб 50 фоизга кўп демакдир. Тошкент шаҳрида охирги марта 3 июнь куни аҳоли орасида касалланиш ҳолати қайд этилмаган.

Тошкент шаҳрида июль ойининг ўзида касалланганлар сони 1131 нафарга кўпайди. Бу 15 мартдан буён бутун мамлакатда касалланганлар сонининг деярли 10 фоизи дегани.

Наманган вилоятида қайд этилган 24 та ҳолатдан 18 таси карантиндагилар орасида, 6 таси аҳоли орасида аниқланди. Наманганда май ва июнь ойларида ҳам бир кунда касалланганлар сони 20 нафардан ошмаганди. Наманганда июль ойи коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида 28 та, аҳоли орасида 26 та ҳолат қайд этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида аниқланган 24 та ҳолатдан 14 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 10 таси аҳоли орасида қайд этилди. Ушбу республикада 7 июль куни 14 кишида касаллик аниқланиши май, июнь ва июль ойларидаги энг юқори натижага айланганди. Энди ушбу кўрсаткич янгиланди. Уч кун олдин шифохоналарда фақат бир нафар бемор қолган Қорақалпоғистон коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турганди. Аммо 3 кун ичида беморлар сони 47 нафарга кўпайди, ҳудудда илк ўлим ҳолати ҳам қайд этилди.

Жиззах вилоятида қайд этилган 16 та ҳолатдан 6 таси карантиндагилар орасида, 10 таси аҳоли орасида аниқланди. 7 июль куни Жиззахда аҳоли орасида 2 та ҳолат аниқланганди. Шундан сўнг Жиззах шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинган ва бутун шаҳар бўйлаб карантин талаблари кучайтирилганди.

Қашқадарё вилоятида аниқланган 11 та ҳолатдан 8 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 3 таси аҳоли орасида қайд этилди. Бир кун аввалгига солиштирганда касалланиш ҳолатлари деярли 15 бараварга камайди. 8 июль куни вилоятда карантиндагилар орасида 127 кишида коронавирус аниқлангани хабар берилганди, улар Ғузор туманида қурилаётган Uzbekistan GTL заводи қурилишида қатнашаётганлар бўлгани маълум бўлди. Шунингдек, Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев вилоят аҳолисига қилган мурожаатида қашқадарёлик шифокор оилавий тадбир ва депутатлар билан учрашувда 30 кишига коронавирус юқтирганини айтди.

Тошкент вилоятида аниқланган ҳолатларнинг 7 таси халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида қайд этилди. Вилоятда хориждан келиб карантин марказига олинган фуқароларни ҳисобга олмаса, 6 июль куни ҳам фақат юк машинаси ҳайдовчилар орасида касаллик аниқланганди, 8 июль куни эса биронтаям ҳолат қайд этилмаган.

Фарғона вилоятида қайд этилган 5 та ҳолатдан 2 таси карантиндагилар орасида, 3 таси аҳоли орасида аниқланди. Уч кун аввал вилоятга коронавирус қайтганда ҳам ССВ Фарғонада аҳоли орасида 3 кишида касаллик аниқланганини маълум қилганди. Ўшанда Коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишни мувофиқлаштирувчи Фарғона вилояти штаби вилоят ҳудудида касаллик юқтирилганини рад этиб, инфекция 2 нафар фуқарога Тошкент шаҳрида, 1 нафар фуқарога Самарқандда юққан деган хулосага келганди. Вилоят штаби аҳоли орасида аниқланган янги ҳолатлар бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

9 июль давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида 2 нафар, Бухоро вилоятида 2 нафар, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида эса 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Афғонистон фуқароси бўлган 40 ёшли М.Ҳ.ни 2-3 кун давомида йўтал ва тана ҳарорати кўтарилиши безовта қилган. 21 июнь куни тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга COVID-19, икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

40 ёшли афғонистонлик эркак коронавирусдан вафот этган Бухородаги учинчи, Ўзбекистондаги 46-бемор бўлдиАфғонистонлик эркак Ўзбекистонда коронавирус туфайли вафот этган биринчи хорижлик ҳам бўлди.

Иккинчи ўлим. Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи 83 ёшли Ш.Т. исмли аёл 25 июндан тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, ҳансираш ва нафас сиқиши безовта қилган. 28 июнь куни эса коронавирус аниқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. Тос суяги бўйинчаси синганлиги сабабли 30 июнь куни 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига ўтказилган.

Унга COVID-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас ва ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор икки томонлама гонартроз, икки томонлама коксоартроз каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор бундан аввал, кўп йиллардан буён гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб келган. 2019 йилдан бери эса ётоқ ҳолатда бўлган (тизза ва тос-сон бўғимлари остеоартрози, 2020 йил 16 июнь куни эса йиқилиб тушиши оқибатида тос суяги бўйинчаси синган). Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. 83 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 28, Ўзбекистондаги 47-бемор бўлди.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи 51 ёшли Р.Н. исмли эркакни сўнгги 3-4 кун давомида ҳансираш безовта қилган. 4 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ётқизилган ва COVID-19 инфекциясига намуна олиниб, инфекция билан касалланганлиги тасдиқланган. Кўкрак қафаси рентген текширувидан ўтказилганда икки томонлама пневмония аниқланган.

Даволаниш динамикасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, нафас етишмовчилиги ва ҳансираш кучайган. Шундан сўнг у 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ўтказилган. Бемор бундан аввал эпилепсия касаллиги билан назоратда турган, 2-гуруҳ ногирони.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 51 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 29, Ўзбекистондаги 48-бемор бўлди.

Тўртинчи ўлим. Жиззах шаҳрида яшовчи 28 ёшли М.О. исмли аёлнинг 22 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, у уй шароитида даволаниб юрган. Бемор аҳволи оғирлашиб, 4 июль куни тиббиёт ходимларига мурожаат қилганидан сўнг, ундан COVID-19’га намуна олинган ва инфекция билан касалланганлиги тасдиқланган. Унда икки томонлама бронхопневмония, ўткир нафас етишмовчилиги кузатилган.

Беморда ўткир нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли у сунъий нафас бериш аппаратига уланган. Бироқ кўрсатилган реанимацион чораларга қарамасдан беморнинг ҳолати кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 28 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Жиззахдаги учинчи, Ўзбекистондаги 49-бемор бўлди.

Бешинчи ўлим. Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи 53 ёшли Н.С. исмли аёл 2020 йил 20 июнь куни туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. 22 июнь куни беморнинг аҳволи оғирлашиб, тез тиббий ёрдам автомашинасида Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг жонлантириш бўлимига кўчирилган. Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, унда гипертония касаллиги ҳам қайд этилган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этди. 53 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Бухородаги тўртинчи, Ўзбекистондаги 50-бемор бўлди.

Олтинчи ўлим. Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи 35 ёшли С.С. исмли эркак 28 июнь куни томоғида оғриқ сезган, нафас йўллари яллиғланган. Аммо ҳеч кимга мурожаат қилмай, уйида ўзича даволанган. 2 июль куни соғлиғи ёмонлашавергач, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Унда COVID-19 тасдиқлангач вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас, юрак-қон томир етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, семизлик ва сурункали пиелонефрит каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва у ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. 35 ёшли С.С. коронавирусдан вафот этган Сурхондарёдаги учинчи, Ўзбекистондаги 51-бемор бўлди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 4226 нафар бемордан 42 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Касалликдан даволаниш

9 июль куни Тошкент шаҳри, Самарқанд, Наманган ва Бухоро вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 227 нафар фуқаро соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 11564 нафар бемордан 7287 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда.

Фикрлар

Яндекс.Метрика