No icon

Қирғизистонда вазият жиддийлашмоқда

Қирғизистонда бир кеча-кундузда COVID-19 га чалинганлар сони 511 кишига кўпайди, олти нафар бемор вафот этди. Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш республика штаби маълум қилган.

«2020 йил 10 июль ҳолатига кўра республика бўйича 511 та янги СOVID-19 ҳолати қайд этилди, улардан 260 нафари Бишкекда аниқланган», — деди штаб вакили.

«РИА Новости»нинг хабарига кўра, ўтган бир кеча-кундузда коронавирус туфайли 6 киши: 3 та эркак ва 3 та аёл ҳаётдан кўз юмган. Куни кеча республика бўйича 80 нафар бемор шифохоналардан тузалиб чиққан.

Штабнинг маълум қилишича, янги касалланганлар орасида 80 нафар тиббиёт ходими, жумладан, мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурболот Усенбаев ҳам бор. Бутун коронавирус пандемияси даврида жами 1450 нафар тиббиёт ходими коронавирусга чалинган.

Шу тариқа, бугунги кунда Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони жами 9358 кишига етган. 122 нафари вафот этган. 3134 нафар бемор касалликдан фориғ бўлган.

Штабнинг хабарига кўра, ўтган бир кеча-кундузда 40 киши пневмониядан вафот этган. Пандемия бошлангандан буён ушбу касаллик туфайли вафот этганлар сони 350 кишига етди. Жума куни республика соғлиқни сақлаш вазири Собиржон Абдикаримовга ҳам пневмония ташхиси қўйилди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика