No icon

Монополияга қарши курашиш қўмитаси «UZAUTOMOTORS» АЖга нисбатан иш қўзғатгани маълум қилинди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган текширувда «UZAUTOMOTORS» АЖ «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузгани аниқланган. «Қўмита томонидан ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда фуқаролардан ёзма ва оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, «UZAUTOMOTORS» АЖда «Рақобат тўғрисида»ги қонун ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан ваколат доирасида текшириш ўтказилди.

Текшириш натижалари бўйича жамият томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида» Қонунининг тегишли моддаси талаблари бузилиши аломатлари аниқланиб, «UZAUTOMOTORS» АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди», дейилади қўмита ахборот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, «UZAUTOMOTORS» АЖга нисбатан қўзғатилган иш бўйича қўмитанинг махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилинади. Шундан сўнг қарор натижаси бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

Аввалроқ Монополияга қарши кураш қўмитаси раисига «UzAuto Motors» монополиясига оид депутатлик сўрови юборилгани, «Парламент назорати» шаклидаги сўров орқали депутатлар Ўзбекистон автосаноати соҳасидаги монополия масалаларига эътибор қаратишгани хабар берилган эди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика