No icon

Ўзбекистонда дезинфекцион туннеллар тақиқланди

Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан бинолар ва бошқа объектларга киришда дезинфекция туннелларидан фойдаланиш тақиқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бу каби қарор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси асосида қабул қилинган.

Маълум қилинишича, эндиликда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида дезинфекцион туннеллардан фойдаланиш тўхтатилиб, корхона, ташкилот, муассаса, жамоат жойлари, бино ва иншоотларга кириш жойида тана ҳароратини контактсиз ўлчаш, ташриф буюрувчиларни зарур ҳолатларда тиббий ёки бир марталик ниқоблар билан таъминлаш, шунингдек, кириш қисмида ташкил қилиш учун қулай жойда тери учун антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатиш амалиёти жорий этилади.

Бунда ушбу амалиётларни тегишли қоидалар асосида олиб бориш бўйича масъулият ва жавобгарлик муассаса ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари зиммасида бўлиб, мазкур тадбирларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилади

Аввалроқ 6 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати дезинфекция туннеллари коронавирусга қарши курашда энг фойдасиз чора эканлиги ҳақида хабар берган эди. Вазирлик Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Илмира Розиқованинг сўзларига таяниб, дезинфекция туннелларини метро ёки бошқа муассаса бинолари олдида ўрнатиш шарт эмаслиги ҳақида ёзган. Орадан бир кун ўтиб ССВ вакили дезинфекция туннелларидан фойдаланишда давом этиш кераклигини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошларида эса Германиянинг етакчи вирусологларидан бири, Бонн университети Вирусология ва ОИВни тадқиқ қилиш институти директори, профессор Ҳендрик Штрик дезинфекциялаш учун мўлжалланган туннеллар COVID-19 коронавирус инфекциясидан ҳимоя қила олмаслиги, аммо улар ротавирус ва бошқа контактли инфекциялардан ҳимоя қилишини айтганди.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика