No icon

Наманганда 60-халқаро «Гуллар байрами» 2021 йилда ўтказилади

Наманганда 2021 йили 60-халқаро «Гуллар байрами» ўтказилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов маҳаллий гулчилар билан учрашуви давомида маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.

2020 йил пандемия сабабли ушбу тадбир қолдирилганди. Шунга қарамай, наманганлик гулчилар 5 миллион дона гул кўчати экишга улгурган.

«Келгуси йили бу рақам икки бараварга кўпайиб, 10 миллион донага етказилади. Юбилей фестивалини олдин режалаштирилгани каби халқаро миқёсда, чет эллик гулчиларни ҳам жалб этган ҳолда ўтказамиз. Бунга ҳозирданоқ тайёргарликни бошлашимиз, Наманган шаҳрини номига монанд кўринишга келтиришимиз зарур», — деди вилоят раҳбари.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят гулчиликни ривожлантириш марказида бўлиб ўтган мулоқот давомида Шавкатжон Абдураззоқов Туркиянинг Истанбул шаҳрида йўлга қўйилган тажрибани тилга олиб ўтди. Бу ерда ҳар йили шаҳарни турфа гулларга буркаш ва ободонлаштириш учун давлат бюджетидан салмоқли маблағ ажратилади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Наманганда ҳам гулчиликни ривожлантириш учун махсус марказ ташкил этилди, гулчиларимизга иссиқхоналар учун ер ажратилиб, газ қувурлари тортиб келинди. Энди вилоят аҳли ва меҳмонлар бу уринишларимиз самарасини ўз кўзлари билан кўриши керак», — деди вилоят ҳокими.

Маълумот учун, Наманганда 1961 йилдан бери анъанавий «Гуллар байрами» ўтказиб келинади. Охирги йилларда ғолибларга Spark автомобилларини топшириш одат тусига кирган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика