No icon

Ўзбекистонда Алишер Навоий ордени таъсис этилади

Шавкат Мирзиёевнинг 19 октябрдаги тегишли қарорига кўра, 2021 йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланади, деб хабар бермоқда ЎзА.

Қарорга кўра, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини Ўзбекистон ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади. Алишер Навоийнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий ордени таъсис этилади.

Шунингдек, хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилади. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танлови эълон қилинади.

Бундан ташқари, 2021 йилда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этиш кўзда тутилган. 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади.

2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика