No icon

Тошкент яшаш учун энг арзон шаҳарлар рейтингида 132-ўринда экан...

Париж, Гонконг ва Цюрих яшаш учун энг қиммат шаҳарлар деб топилди. Бу борада Британиянинг «Economist Group» компанияси ўтказган тадқиқот натижалари 18 ноябрь, чоршанба куни эълон қилинди.

Мутахассислар бутун дунё бўйича 130 дан зиёд йирик шаҳарларда яшаш қийматини баҳолашди. Рейтингдаги дастлабки ўнталикка, шунингдек, Сингапур, Тель-Авив, Осака, Женева, Нью-Йорк, Копенгаген ва Лос-Анжелес киритилган. Маъруза турли шаҳарлардаги 138 хил товар ва хизматлар баҳосининг қиёсий таҳлилини ўз ичига олган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган бир йил давомида тамаки ва маиший техника буюмларининг нархи кўтарилган.

Бундан ташқари, аналитикларнинг маълумотларига кўра, айниқса, Ғарбий Европадаги шаҳарларда нарх-наво энг кўп кўтарилган. Бу евро ва бошқа валюталарнинг долларга нисбатан қиймати ошганлиги билан изоҳланмоқда.

Аввалги рейтинг билан таққослаганда, Москва 20 ўринга пасайиб, айни вақтда 106-қатордан жой олган.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри рўйхатга киритилган яшаш учун энг арзон шаҳарлар рейтингида Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридан олдин — 132-ўриндан жой олган. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри эса Тошкентдан учта ўрин олдинда, яъни 129-поғонани эгаллаган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика