No icon

Ўзбекистондаги боғчалар ноябрь охиригача очилиши кутилмоқда

Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотлари 2020 йил ноябрь ойининг охирига қадар очилади. Қайд этилишича, иш фаолиятини бошлаш ва болаларни қабул қилиш ҳуқуқи фақат СЭСдан рухсат олган мактабгача таълим ташкилотларига берилади. Лекин қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаётган, ходимлари орасида коронавирус аниқланган боғчалар фаолияти тикланмайди.

Унга кўра, Сирдарё вилоятида йил охирига қадар 20 та боғча ёпиқлигича қолади. Тошкент вилоятида 104 та боғча олиб борилаётган таъмирлаш ишлари сабабли очилмайди. 4 та мактабгача таълим ташкилоти яроқсиз ҳолатга келиб қолган, 2021 йилда улар инвестиция дастурига тавсия этилган. Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларидаги 26 та мактабгача таълим ташкилотлари Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва Бекобод шаҳридаги «Ўзметкомбинат» раҳбариятининг қарорига биноан ишламайди.

Тошкент шаҳрида жами 80 та мактабгача таълим ташкилоти таъмирланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мамлакатда 5385 та давлат мактабгача таълим ташкилоти (89 фоиз) ишламоқда, уларда таҳсил олаётган болалар сони 691 271 нафарни ташкил этади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда карантин талабларини қисқартириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 5 сентябрдан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг фаолиятига рухсат берилган, Мактабгача таълим вазирлиги 7 сентябрдан 14 сентябргача Тошкент ва Тошкент вилоятининг туманларида биттадан МТТнинг очилишини йўлга қўйилиши, 14 сентябрдан бошлаб ушбу жараён бутун республика бўйлаб босқичма-босқич ўтказилишини билдирган эди.  МТТларнинг очилишида тарбияланувчилар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун маълум чора-тадбирлар кўрилади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика