No icon

Уруш фахрийларига 5 млн сўмдан пул мукофоти берилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.

Фармонга мувофиқ, 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида уларга 5 миллион сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти белгиланди.

Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ва Давлат хавфсизлик хизматига Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотини тантанали топширилишини таъминлаш юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда уруш қатнашчилари ва ногиронларига байрам муносабати билан 2 миллион сўмдан мукофот берилганди.

*****

Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ўзлари жанг қилган давлатларга бепул бориши мумкин 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари истаклари асосида ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафари ташкил этилади ҳамда ушбу сафар билан боғлиқ барча харажатлар қопланади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Шунингдек, улар Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги «Ўзбекистон» ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга ҳам бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборилади.

Ҳужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техникалар намойиши ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида 9 май куни соат 21:00 да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салюти уюштирилади.

 

Фикрлар

Яндекс.Метрика