No icon

GM Uzbekistan Россия автосалонларига яна автомобиль етказишни бошлади

GM Uzbekistan Россиядаги автосалонларга яна автомобиль етказиб беришни бошлади. Бу ҳақда «Российская газета» хабар бермоқда.

Хабар беришларича, Уфадаги автосалонларга ҳақиқатан ҳам Ўзбекистондан машиналар етказиб берилган, лекин улар ҳали сотувга чиқарилгани йўқ. «Нархлар ҳали тасдиқланганича йўқ, шу боис уларни ҳозирча сотиб олиш имкони йўқ», — деди Уфадаги автосалон менежери.

Нархлар эса салкам икки баробарга ошиши кутилмоқда — Россиядаги сотувлари тўхтаб қолишидан аввал Ravon R3 (Nexia) ва Ravon R4 (Cobalt) мос равишда 579 минг ва 629 минг рублдан сотилган бўлса, энди уларнинг нархи миллиондан ошиши — R3 камида 1 000 050 рублдан, R4 эса 1 089 000 рублдан сотилиши кутилмоқда.

«Российская газета»нинг ёзишича, агар нархлар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, у ҳолда Ravon бюджет автомобиллар тоифасидан чиқиб кетади, бундай юқори нарх билан харидорларга аввалгидек қизиқарли бўлиши ҳам сўроқ остида. «Дилерларнинг бир қисми эса бундай ҳамкорликнинг истиқболи йўқлигини тушуниб, Ўзбекистон компанияси билан ишлашдан бош тортиши ҳам мумкин», — деб ёзади Россия ҳукумати нашри.

Маълумот учун, GM Uzbekistan 2018 йилнинг июнь, июль, август ва сентябр ойларида Россияда бирорта ҳам автомобиль сотмади. Бунга нархлар қайта кўриб чиқилаётгани сабаб сотувлар тўхтатиб қўйилгани сабаб бўлди.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика