No icon

Самарқандда 10 кунлик келинчакни эри аёвсиз калтаклади

Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи Зуҳра Умарова келинлигининг ўнинчи кунида эри томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига тушди, деб хабар қилмоқда Sputnik.

Жабрдийданинг айтишича, машъум кеча эри "музқаймоқ олиб келиш" баҳонасида уйдан чиқиб кетиб, маст ҳолатда қайтиб келган ва жанжал бошлаб, уни шафқатсизларча калтаклаган. Зуҳра эшик ичкаридан эри томонидан ёпиб қўйилгани туфайли қайнонаси унга ёрдамга келолмаганини айтади. Ўлгудек саваланган ва ҳушини йўқотган ёш келинчак қўшни томонидан касалхонага олиб борилган.

"Мени ҳатто туққан онам танимади", - йиғлайди Зуҳра. Аёлнинг юзлари шишиб кетган, кўзлари қонталаш ва деярли очилмайди.

Келинчакнинг онаси эса куёви ички ишлар бўлинмасига олиб борилгач, бир оздан сўнг у ердан қўйиб юборилганини ҳикоя қилди. Ҳуқуқ муҳофазаси идораси остонасини тарк этаётган "куёв" шу ерда турган қайнонасини куракда турмайдиган сўзлар билан қаттиқ ҳақоратлаган. Зуҳранинг онаси шунингдек, ички ишлар органи ходимлари "қизингизни ўз пулингизга даволатинг, у оиладан пул сўраб юрманг, бўлмағур оила" дея маслаҳат беришганини қўшимча қилди.

"Ўзингизга қимматга тушади" деган сўзлардан сўнг она ўз жигарбандини ҳатто тиббий экспертизадан ҳам ўтказа олмаган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика