No icon

«Сарпокийди»дан «куёвсалом»гача: фақат куёвни айбламанг!

Шу вақтга қадар қайнотасининг ҳисобига кийинадиган, у олиб берган мебелларда ётадиган, хуллас келин томонни яхшигина харажатга қўядиган куёвлар ҳақида кўп гапирилди, гапирилмоқда. Ҳатто «куёвчак» деган истеҳзоли сўз ҳам луғатимиздан ўрин олди. Ёзғувчилар аччиқ фикрлар ила уларни аёвсиз нишонга олди. Қайнота олиб келган ётоқхона мебели, келин олиб берган пардаю-ич кийимгача танқид қилинди.

Ўтган давр мобайнида интернетни забт этган икки воқеа мени қаттиқ ҳаяжонга солди: бири йил аввалида Бухорода куёв томонга «турк материалига сарпо қилгани учун» тўйи қайтарилган келин воқеаси ва яқинда кузатилган «куёвсалом» саҳнаси. Ҳар икки вазиятда бахтни латта билан ўлчаган ва қизлардек ийманиб салом қилиб, совға қабул қилган куёвга аёвсиз танқидлар ва ҳақорат(!)лар ёғилди.

Аслида (буни Сенатимиз ҳам тасдиқлади, афсуски) «тўй маросимларини қай тартибда ўтказиш индивидуал, шахсий иш саналади». Куёв салом бериб, совға йиққан бўлса ҳам, уни ҳеч ким жавобгарликка тортмайди. Мен ушбу вазиятда масаланинг бошқа тарафига эътибор қаратмоқчиман.

Хўш, нега бу йигитлар (биз билганимиз шу, ҳозирча) шу кўйга тушишди? Ахир улар, онасининг қорнидан ғурурсиз ва молпараст бўлиб туғилмагандир? Уларга қандай тарбия берилди? Онгига нималар сингдирилди?. Уларга дунё, яшашдан мақсад, эркак қандай бўлиши каби муҳим тушунчаларни ким ўргатди? Яна бир муҳим жиҳат — уларнинг дунёқараши кимларнинг, қандай шахсларнинг ичида шаклланди? Нега орсиз куёвни танқид қилаётганда, кўпинча унинг атрофидагиларни, шу саҳналар ташкилотчиларини ҳам инобатга олмаймиз? 

Йиллар давомида бир давлат вакилларини пулга ўчлик ва иқтисодий тараққиётни ортидан қувишда, яна бир мамлакат аҳолисини пиёнисталик ва оилани севмасликда айбладик, топгани «бир чемоданга сиғиши»ни айтиб, мазах қилдик. (Зийрак ўқувчи кимларни назарда тутганимизни англади). Яна кимларнидир «закунчилик» ва ҳатто «отасини ҳам судга бериши»ни гапирдик. Лекин… биз ўзимиз ҳам ҳаммасини кўнгилдагидек бажармадик.

Бизга тўйларни камхарж ва дабдабасиз ўтказишни хоҳлайдиган, юкни ўз елкасига оладиган йигитлар билан бирга, тўйларнинг худди мана шундай ўтишига тайёр жамият керак. Одамлар ўзгариши керак эмасми, замондош?

Яратувчанлик, ихтиролар борасида орқадамиз-у, тўй ва «тўйча»ларни кўпайтиришда етакчимиз.

Таълимда оқсаймиз, болаларимизга ақалли уй вазифасида ёрдам бера олмаймиз-у, қайсидир Анзират холанинг «келинсалом»ида тушган матолар номини кетма-кетликда санаб бера оламиз.

Чет тиллари тугул, ўз она тилимизни ички имкониятлари, бойлигини билмаймиз-у, ҳашамат, қорин ғами бобида «сайраймиз».

Боламизни қайсидир дастурлаш курсига юборишга пулни қизғанамиз-у, тоғорага, араққа, отарчига пулни аямаймиз.

Энг ёмони эса, тўйини ўз билганича, камхарж ўтказмоқчи бўлганларни ҳам гапирамиз. Бу шарқ зеҳниятининг афсусланарли унсурларидан. Кўпчиликнинг қарашига тўғри келмаган шахсий ташаббус, албатта, йўқликка юз тутади.

Латтапараст ва орсиз куёвларни етиштирмаслик учун ўзимизни ҳам анча ислоҳ қилишимиз ойдинланмоқда, назаримда. Бўлмаса, «космик кемалар коинотни забт этаётган бир пайтда»… «куёвсалом»ни томоша қилиб, тишларимизни ғижирлатиб юраверамиз.

Улуғбек Орипов

Манба: xabar.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика