No icon

G20 (Катта йигирматалик) якуний декларацияни қабул қилди

Аргентинада ўтказилган G20 саммити якунида декларация қабул қилинди, деб хабар беради РИА Новости. Ҳужжат йиғиннинг расмий сайтида эълон қилинган. Декларация 31 бўлимдан иборат, шунингдек, унга вазирликлар ва ишчи гуруҳлар даражасида қабул қилинган ҳужжатлар рўйхати илова қилинган.

Учрашув ҳақида энг кўп билдирилган фикрлардан бири айнан якуний ҳужжатга тааллуқли эди. Чунки, етакчиларнинг умумий фикрга келишига кўпчилик шубҳа билан қараётганди. Икки ҳафта олдин, Папуа-Янги Гвинеядаги Осиё-Тинч океани иқтисодий саммити тарихда илк маротаба декларациясиз якун топди. Хитой ва АҚШ ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли анъанавий ҳужжат қабул қилинмаганди. G20 декларациясининг асосий бўлимларидан бири Жаҳон Савдо Ташкилотининг ислоҳоти масаласига қаратилди. Шунингдек, етакчилар иқтисодий ўсишни таъминлаш учун барча сиёсий воситалардан фойдаланишга келишиб олишди.

Мажбурий миграция, ишсизлик ва иқлим муаммоларини бартараф этишга ҳам ҳужжатда алоҳида бўлимлар ажратилган. G20 нинг кейинги саммити 2019 йилнинг июн ойида Японияда ўтказилади.

Н. Тошпўлатова, ЎзА

Фикрлар

Яндекс.Метрика